Олмазор туманидаги қурилиши якунланмаган масжидда ёнғин содир бўлди
Жорий йилнинг 8 февраль куни соат 18:39да Олмазор тумани «Умид» маҳалласи, Қорақамиш 2/3-даҳаси 21-уй манзилида жойлашган қурилиши тугатилмаган «Сирож Солиҳ» жомеъ масжидининг ички ва шифт қисми 60 кв.м майдонида ёнғин содир бўлган.
Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Ёнғин-қутқарув гуруҳи соат 18:46да ҳодиса жойига етиб борган. Соат 18:56да аланга қуршаб олиниб, соат 19:39да тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин пайвандлаш жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслик оқибатида юзага келган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қурилиш объектларида ишчилар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича йўриқнома ўтказилиши, шунингдек, мазкур объектлар бирламчи ўт ўчириш воситалари билан таъминланганлигини назоратга олинишини тавсия қилади.
ИИББ матбуот хизматига кўра, ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар бўлмаган.