Ўзбекистон | 12:08 / 10.02.2020
5058
4 дақиқада ўқилади

Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри қандай шакллантирилади?

Вазирлар Маҳкамасининг “Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Shutterstock

Ҳужжат билан шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш бўйича ахборот тизимини яратади;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш бўйича ахборот тизимини ишга туширади.

Низомга кўра, давлат реестри шахсга доир маълумотлар базаларини рўйхатга олиш ва ҳисобини тизимлаштириш ҳамда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш жараёнида қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқликни назорат қилиш мақсадида шакллантирилади.

Шахсга доир маълумотлар базалари мулкдор ва (ёки) оператор томонидан Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Низом талаблари:

жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;

Миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;

давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш;

тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолияти, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш жараёнида, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш доирасида олинган шахсга доир маълумотларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўз таркибида:

жамоат бирлашмасининг ёки диний ташкилотнинг иштирокчиларига (аъзоларига) тааллуқли бўлган ҳамда тегишлигича жамоат бирлашмаси ёки диний ташкилот томонидан ишлов бериладиган шахсга доир маълумотлар, уларни учинчи шахсларга тарқатмаслик ёки ошкор этмаслик шарти билан;

субъект томонидан ҳамма фойдаланиши мумкин қилиб қўйилган;

субъектларнинг фақат фамилиясини, исмини ва отасининг исмини ўз ичига олган;

субъектнинг мулкдор ва (ёки) оператор турган ҳудудга бир марталик кириши учун ёки бошқа шунга ўхшаш мақсадлар учун зарур бўлган;

автоматлаштирилган давлат ахборот тизимлари мақомига эга бўлган шахсга доир маълумотларнинг ахборот тизимларига киритилган;

автоматлаштириш воситаларидан фойдаланмаган ҳолда ишлов бериладиган;

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлов бериладиган шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган шахсга доир маълумотлар базалари рўйхатдан ўтказилмайди.

Шахсга доир маълумотлар базасини Давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш, аввал киритилган маълумотларга ўзгартириш киритиш ҳамда Давлат реестридан чиқаришда тўловлар ундирилмайди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Давлат реестрини шакллантиради, юритади ва ундаги ахборотнинг яхлитлигини таъминлайди.

Давлат реестрини шакллантириш ва юритиш Давлат персоналлаштириш маркази томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда Давлат реестрини юритиш бўйича ахборот тизими воситасида олиб борилади.

Давлат реестрини юритиш ахборот тизимидан фойдаланиш, шу жумладан, ариза бериш учун тизимга кириш “Электрон ҳукумат” фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (id.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Давлат реестрини юритиш ахборот тизими воситасида қуйидаги хизматларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кўрсатиш имконияти яратилади:

Шахсга доир маълумотлар базасини Давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш, аввал киритилган маълумотларга ўзгартириш киритиш ҳамда Давлат реестридан чиқариш бўйича ариза бериш;

Шахсга доир маълумотлар базасининг қайд рақами орқали унинг Давлат реестрида рўйхатдан ўтганлиги ҳолатини текшириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид