Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барселона» учун 7 ҳужумчи. Улардан қай бири мос келади
Трансферлар даричаси ёпилган, аммо вазиятдан чиқиш имкони бор.
Каталонлар сўнгги кунларда янгиликлар сайтларини «гуллатмоқда». Месси «Барселона» раҳбарияти ва жамоадошлари билан зиддиятга борган, интернетда у клубдан кетиши мумкинлигини муҳокама қилишмоқда. Кўк-анорранглилар «Атлетик»дан қўшимча дақиқаларда гол ўтказиб, Испания Кубогидан чиқиб кетишди. Жамоа ҳужум чизиғида жиддий муаммолар юзага келган – 6 ўйинда 10 гол, шунинг ярми «Леганес»га қарши ўйинга (5:0) тўғри келади.
Кике Сетьен «Барселона»ни жуда мураккаб вазиятда қабул қилиб олди. У келгунича ҳужумдаги икки футболчи сафдан чиқиб бўлганди: Усмон Дембеле ва Луис Суарес. Уругвайлик футболчи бу мавсумда ҳам яхши натижалар қайд этаётганди (23 ўйин, 14 гол ва 11 ассист), унинг йўқотилиши жамоа учун оғир зарба бўлди. Дембеле ҳам, Суарес ҳам майга қадар майдонга туша олмайди.
«Барселона» январда янги форвард сотиб олишга ҳаракат қилди. Кавани, Обамеянг ва «Валенсия»даги Родриго вариантлари кўриб чиқилди, аммо бу уринишлар муваффақиятсизликка учради. Аммо, қишки трансферлар ойнаси ёпилган бўлсада, каталонлар таркибни кучайтира олишлари мумкин. Бунинг учун Испания футбол федерациясига махсус илтимос билан мурожаат қилиш керак. Агар RFEF рухсат берса, кўк-анорранглилар мамлакат ҳудудидаги жамоалардан ҳужумчи сотиб олиши мумкин бўлади. «Чемпионат.com» «Барселона»га қайси ҳужумчилар мос тушиши, испан матбуотида қайси футболчилар номи тилга олинаётганини санади.
Анхель Родригес («Хетафе»)
28 ўйин, 13 гол, 2 ассист
Трансфер қиймати – 4 млн евро

Кутилмаган вариант. Лекин матбуот Анхелни ҳам «Барселона»га ўтиш учун номзодлардан бири ҳисобламоқда. Родригес 32 ёшда, ўйин услуби билан Суаресни эслатиб юборади: бўйи баланд эмас (171 см), у тўп учун курашларда фаол, бў ҳудудларга яхши очилади ва голни ҳис қилади. Аммо Анхель ҳатто «Хетафе»нинг алмаштириб бўлмас футболчиси эмас – 42 ўйиндан фақат 23тасида бошланғич таркибда майдонга тушган. Шундай экан, уни Суаресга вақтинчага бўлса ҳам ўринбосар сифатида қабул қилиш эҳтимолдан йироқ.
Лукас Перес («Алавес»)
23 ўйин, 10 гол, 4 ассист
Трансфер қиймати – 5 млн евро
Бошқа пландаги ҳужумчи. Родригес билан таққослайдиган бўлсак, Перес доим ҳам тўп учун курашларга киришавермайди (ўртача бир ўйинда 3,5 мартага қарши 1,2 марта), дарвозага камроқ зарба беради (ўртача бир ўйинга 2тага қарши 1,4та), аммо рақибни кўпроқ алдаб ўтади (1,1га қарши 1,6). Лукас кўпроқ Гризманнга ўхшайди – у дамба-дам хавфли вазиятлар яратади, у ўртача бир ўйинда 1,6 марта ҳал қилувчи узатмани амалга оширади. «Барселона»га Антуанни такрорлайдиган яна бир футболчи керакмикин?
Кристиан Стуани («Жирона», Сегунда)
23 ўйин, 20 гол, 1 ассист
Трансфер қиймати – 5 млн евро

Каталонлар қуйи дивизион вакили футболчиси билан таркибни кучайтиришига ишониш қийин. Кристиан 33 ёшда, «Жирона» уругвайлик футболчиси учун 20 млн евро сўрайди. Бундай пулга эса бошқа яхшироқ вариантларни топиш мумкин.
Борха Кинтас Иглесиас («Бетис»)
27 ўйин, 6 гол, 4 ассист
Трансфер қиймати – 20 млн евро
Жарима майдонидаги «қотил» форвард, унинг жисмоний кўрсаткичлари ҳам зўр (187 см, 86 кг). Бундай улкан гавдали ҳужумчи анчадан буён «Барселона»да бўлмаган, сўнггиси Златан Ибраҳимович эди - 2009/2010 йилги мавсумда. Кўк-анорранглилар тез ва енгил ҳаракатлар билан ўйин олиб боришади, Борха бу жамоада ўз ўрнини топиши ва жамоавий ўйинга қўшилиб кетиши қийин.
Лоренсо Хесус Морон Гарсия («Бетис»)
24 ўйин, 10 гол, 3 ассист
Трансфер қиймати – 20 млн евро

«Бетис»нинг яна бир футболчиси. Лорен Борхага нисбатан кўп функцияли футболчи. У Иглесиасдан анча енгил (66 кг), шунга яраша тезкор ва технар. Лорен ҳар ўйинда ўртача 1,7 марта зарба беради, бу ҳам Борханикидан 0,7 мартага кўпроқ. Агар иккисидан бирини танлашга тўғри келса, «Барселона»га Лорен кўпроқ мос келиши аниқ. Қолаверса, айни вақтда «Барселона»ни бошқараётган Кике Сетьен «Бетис»да ишлаганида унинг имкониятларидан тўлиқ бохабар эди.
Жерар Морено («Вильярреал»)
24 ўйин, 12 гол, 3 ассист
Трансфер қиймати – 20 млн евро
Универсал ҳужумчи, марказий ҳужумчи сифатида ҳам, қанотларда ҳам ўйнай олади.Испания терма жамоасида дебют қилганига кўп вақт бўлмаган Жерар 3 гол уриб, 4 ассист муаллифи бўлишга улгурди. Моренонинг бу мавсумдаги статистикаси: бир ўйинда ўртача 2,8 зарба, 1,9 марта муваффақиятли алдаб ўтиш, 4,2 марта иккинчи қаватда тўп учун кураш, 1,6 марта ҳал қилувчи узатма. Бундан ташқари, Жерар ҳимояланишда ҳам ушбу рўйхатдагиларнинг барчасидан яхшироқ – бир ўйинда ўртача 1,9 марта рақибдан тўпни олиб қўйишга ҳаракат қилади (0,8 мартаси муваффақиятли). «Барса» учун ёмон вариант эмас.
Родриго Морено («Валенсия»)
26 ўйин, 5 гол, 11 ассист
Трансфер қиймати – 50 млн евро

Топ-клубларда ўйнашга муносиб бўлган юқори тоифали ҳужумчи. Родриго Испания терма жамоаси аъзоси (22 ўйин, 8 гол). Унинг қўлидан барча иш келади: тўпни ўзи билан олиб юради, ҳал қилувчи узатмаларни етказиб беради. Айни вақтда Родриго – Ла Лиганинг энг яхши ассистенти (9 голли узатма).
Каталонияликлар ушбу футболчига анчадан бери қизиқиб келишади. «Барселона» январда ҳам Родригони ижарага олмоқчи бўлди, аммо рад жавоби берилди. Унга белгилаб қўйилган жуда юқори трансфер нархи – трансфер учун асосий тўсиқ. «Валенсия» президенти ҳам бу ҳақида айтди: «Барселона»дан муносиб таклиф келмади. Бизнинг талабларимиз барчага маълум. Биз яхши пул тўлаш назарда тутилмаган таклифларни қабул қилмаймиз».
Мавзуга оид
20:37 / 16.05.2026
Левандовски «Барселона»ни тарк этишини эълон қилди
02:34 / 11.05.2026
"Барселона" "Реал" билан ўйинда Испания чемпионига айланди. Бунақаси илк бор рўй берди
20:32 / 10.05.2026
“Барселона” бош мураббийининг отаси “Эл Класико” кунида вафот этди
11:26 / 03.05.2026