Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ҳудудига йилига неча миллион киши кириб чиқади?
Бугун, 11 феврал куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди. Унда божхона тизимида қилинган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Расмий маълумотга кўра, 2019 йилда Ўзбекистон божхона чегаралари орқали 42,6 млн. жисмоний шахс ўтиб қайтган.
Жумладан, Қозоғистон билан чегаралардаги постлардан ўтган жисмоний шахслар сони 16,2 млн нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 718,1 мингтани ташкил қилган.


«Ғишткўприк» чегара-божхона пост бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Саидовнинг айтишича, 2020 йилнинг 1 январига қадар жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрлардан ортиқча товарлари учун умумбелгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилган.
Масалан, бу кийим-кечаклар учун 61 фоиз, телевизорлар учун 84 фоиз, шоколадлар учун – 61 фоизни ташкил қилган.


Илгари божхона тўловларини умумбелгиланган тартибда ҳисоблаш ва ундириш жараёнларига ҳар бир жисмоний шахс учун 40-50 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспрот воситасига эса ўртача 2 соат вақт сарфланган.
Эндиликда эса 1 нафар жисмоний шахс учун ўртача 10 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспорт воситаси учун эса 15 дақиқа кифоя қилмоқда.
Маълумки, жисмоний шахсга ҳаво йўллари орқали кириб келишда – 2000 АҚШ доллари, темир йўл орқали – 1000 АҚШ доллари, автомобилда ёки пиёда равишда кириб келса – 300 АҚШ доллари миқдоридаги шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади.

Тадбирда айтилишича, «Ғишткўприк» чегара-божхона пости Ўзбекистондаги йирик постлардан бири ҳисобланади ва турли хил навбатда кутиш каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар чиқиш ва кириш постлари алоҳида-алоҳида қурилган.
Қолаверса, янги қарор бўйича автотранспортнинг ўтказиш пунктида бўлиш вақти унинг тури ва техник ҳолатига қараб енгил автотранспорт воситалари учун 15 дақиқадан, юк автотранспорт воситалари учун эса 30 дақиқадан ортиқ бўлмаслиги керак.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 4508-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Улар сирасига тиббиёт техникаси ва ускуналари, тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби қатор товарлар киради.
2020 йил 1 январдан бошлаб, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи (15%) ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинган ва 1 январдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ҳаракатланган жисмоний шахслардан жами 2,1 млрд. сўм ягона божхона тўлови ундирилган», – дейди Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабулов.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарада 6та чегара-божхона постлари фаолият юритади.
Булар – Қорақалпоғистон Республикасидаги «Довуд ота», Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк», «С.Нажимов», «Навоий», «Яллама» ва Сирдарё вилоятидаги «Сирдарё» чегара-божхона постларидир.

«Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали 2019 йилда ҳаракатланган жисмоний шахслар 7,8 млн. нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 141 мингтани ташкил қилган.