15:43 / 12.02.2020
0
6600

Ортиқча фанларни қисқартиришда талабалар ҳам қатнашиши керак – Бахтиёр Сайфуллаев

ОТМлардаги ортиқча фанларни қисқартиришга нафақат профессор-ўқитувчилар, балки зеҳни ўткир талабаларни ҳам жалб этиш керак, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Унинг фикрича, бу ишни талабалар орасида сўровнома ўтказиш орқали амалга ошириш зарур.

Сенатор бу ҳақда 12 февраль куни Тошкентда ўтказилган семинарда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари парламентга мурожаатномасида олий таълимда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилишини айтган эди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтган тадбир «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар: ёшларнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали вазифамиз» мавзусида ташкил этилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Унда сўз олган Бахтиёр Сайфуллаев талабаларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш бўйича қуйидаги таклифларни ҳам илгари сурди:

  • институтда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган «Энг яхши китобхон талаба», «Энг яхши китобхон ўқитувчи», «Энг яхши китобхон гуруҳ» каби танловларни ташкил этиб, фаол талаба ва ўқитувчиларни тақдирлашни йўлга қўйиш;
  • талабалар иштирокида шарқ алломалари ҳаёти ва бой маънавий меросига бағишланган анжуманларнинг биринчисини Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда «Маданият ва маърифат» телеканалида «Талаба минбари» номли кўрсатув ташкил этиб, талабаларнинг ушбу минбарда мамлакатда соҳага доир олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу борада институтда амалга оширилаётган ишлар хусусида чиқишлар қилиши;
  • институтнинг иқтидорли талабаларидан тузилган жамоаларнинг «Меҳрибонлик уйлари»га доимий ижодий сафарларини уюштиришни йўлга қўйиш.
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Сайфуллаев учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бегона эмас – у 2012-2017 йилларда ушбу ОТМ ректори сифатида ишлаган. 2017 йилдан Маданият вазири бўлган Сайфуллаев 2020 йил бошида президент фармони билан сенатор этиб тайинланган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top