16:10 / 12.02.2020
6
11815

Қишлоқ ва шаҳар аҳолисига нега икки хил муносабат?

Бугунги кунда аҳолида катта эътироз кайфияти сақланиб қолаётган соҳалардан бири соғлиқни сақлаш тизими экани кўпчиликка аён. Албатта, бунинг турли сабаблари бор.

20 йилча аввал тиббиётда ислоҳотлар бошланди, чунки ўша вақтда тиббий муассасалар йиллар давомида таъминот етарли бўлмагани учун жуда хароб ҳолга келиб қолган эди. Ҳолатни тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилмай туриб, “чет элники – зўр”, деган фикрда Ўзбекистонда Англия модели асосида тиббиёт ислоҳ қилина бошланди.

Иккала модел бутунлай бошқача ғояларга қурилгани инобатга олинмай, совет медицинаси пойдеворига англия тиббиёти қурилиши бошланди. Олий тоифали акушер гинеколог, олий тоифали педиатр, олий тоифали терапевтларни 10 ой давомида ўқитиб, ВОП (умумий амалиёт шифокори)ларни тайёрладик, деб раҳбариятга рапорт берилди.

Бу эса бутун дунё амалиётида тушунарсиз ҳолат эди, чунки юқори малакали мутахассис тайёрлаш катта маблағ ва вақт талаб қиладиган жараён. Биз эса шундай мутахассисларимиздан ўз ихтиёримиз билан воз кечдик.

Ислоҳотлар асосида стационар хизматини қисқартириб (нисбатан тўғри фикр), бўшаган маблағлар амбулатор хизматни ривожлантириш учун сарфланиши режалаштирилган эди. Амалда амбулатор хизмат яна ғариблигича қолиб кетди. Республиканинг барча ҳудудларида ишлаб турган ФАПлар тугатилди, қишлоқ врачлик амбулаториялари ўрнига ҚВПлар ташкил этилди.

Амбулаторияда акушер гинеколог, педиатр, терапевт, хирург, стоматолог фаолият юритган бўлса, энди стоматологдан бошқа барча иш ВОПга юкланди ва биз буни аъло натижа, деб дунёга жар солдик.

Орадан 15 йилдан ортиқ вақт ўтса ҳамки, халқимиз бу тизимни қабул қилмади. Лавозим вазифалари врачларнинг иш вақти ва имкониятларини ҳисобга олинмай белгилангани, ойлик иш ҳақининг камлиги сабабли врачлар (айниқса ёшлар) бу муассасада ишлашни хоҳламаяпти. Ислоҳотларнинг салбий натижалари кўпроқ қишлоқларда аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Чунки 2017 йилдаги “оптималлаштириш” деган ақлли ибора билан аталган, аслида қисқартириш амалга оширилган жараёндан кейин қишлоқдаги тиббий муассаса ўз вазифасини бажара олмай қолди. Ўзингиз ўйланг, ҚВП деган муассаса шу қишлоқдаги барча инсонларнинг саломатлиги учун жавобгар бўлса-ю, унинг штат жадвалида мудир, деган лавозим бўлмаса?..

Шу фактни айтганимда, соҳа мутасаддилари ишонмай, штатлар жадвалини текшириб кўриб, ўзлари ҳайрон бўлишди, лекин аҳвол ўзгармади. Амалдаги тартибга кўра, ҚОП ва ҚВПлар соат 8 дан 20 гача ишлаши керак. Лекин муолажа хонаси ҳамшираси ҚВПда 1.0 ўрин қилиб белгиланган, бу 6 иш соати дегани. Шундай экан, куннинг иккинчи ярмида ким беморга биринчи ёрдамни кўрсатади?.. Бундан ташқари, бу ҳамширага эмлаш хонаси ҳам бириктирилгани умуман мантиққа тўғри келмайди.

Шаҳарлардаги поликлиникаларда физиотерапия хизмати тўлиқ олиб борилади. Нима сабабдандир қишлоқларда ҚОП ва ҚВПларда бу тиббий муолажа тури қисқартирилди. Энди ёш она чақалоғи билан, ногиронлиги бўлган киши ҳассаси билан бу муолажа учун туман марказига бориши керак. Лекин туман марказий поликлиникасидаги физиотерапия хонаси қуввати фақат ўз атрофида истиқомат қилувчи аҳолига мўлжалланган...

Ўзи умуман, нима учун биз тиббиётни қишлоқ ва шаҳар, деб ажратишимиз керак? Мактаблар шаҳар ва қишлоқники, деб ажратилмайди-ку. Тиббиётда эса номланишининг ўзидан ажралиб туради: қишлоқ оилавий поликлиникаси ва шаҳар оилавий поликлиникаси…

Уларнинг таркибий тузилмаси, штатларида ҳам жиддий фарқланиш мавжуд. Ҳар бир шаҳар поликлиникасида тор мутахассислар фаолият юритади, қишлоқда уларга эҳтиёж йўқ, деб ўйлашади шекилли, штат берилмаган.

Президентимиз аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун урбанизацияни ривожлантиришимиз керак, демоқдалар. Бу қишлоқ аҳолиси учун шаҳар шароитини яратиш деганидир. Баъзи раҳбарларимиз эса ҳалиям қишлоқ аҳолисига “бўлаверади”, деган тушунчадан воз кеча олмаяптилар.

Хулоса шуки, тиббиётда ислоҳот зарур. Фақат бу ислоҳот халқни дардига малҳам бўлиши, унинг эҳтиёжларини қондириши ва албатта адолатли бўлиши керак.

Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ХДП фракцияси аъзоси

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top