Жаҳон | 15:54 / 12.02.2020
25839
5 дақиқада ўқилади

Сурия ҳарбийлари шимолдаги йўлларни назоратга олди, Туркия уруш билан таҳдид қилмоқда

Сурия ҳукумати қўшинлари 2012 йилдан буён илк марта стратегик аҳамиятга эга бўлган, мамлакатнинг тўртта йирик шаҳрини ўзаро боғлайдиган М5 Дамашқ-Ҳалаб трассасини назоратига олди.

Фото: AFP

Сурия Араб Республикаси президенти Башар Асад кучлари мамлакат шимолида, Идлиб вилояти ҳудудида қаршилик кўрсатишда давом этаётган мухолифат кучлари устига юриш бошлаган. Ўтган йилнинг декабридан буён ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудда тинч аҳоли вакиллари бўлган 700 мингга яқин киши ўз бошпаналарини тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳукумат ҳарбийларининг шимол томон ҳаракатланиши давомида Идлибда яшайдиган 3 миллионга яқин киши шимолга, Туркия чегаралари томон қочишига сабаб бўлмоқда.

Дамашқ, Ҳомс, Ҳама ва Ҳалабни ўзаро боғлайдиган М5 автомагистралини қўлга олиш - Асад армияси бир неча йилдан буён ҳаракат қилиб келаётган асосий вазифа эди. Бу муҳим трасса мамлакат транспорт тизимининг асоси ҳисобланади. 474 км узунликдаги йўллар жанубда Иордания билан чегарадан бошланиб пойтахт Дамашқ орқали ўтади ва шимолга, Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабга элтади.

М5 трассасини эгаллаш Сурия ҳукумати қўшинларининг асосий вазифаси этиб белгиланганди / AFP

Туркия позицияларини мустаҳкамламоқда

Бу вақтда Туркиянинг Идлибдаги ҳарбийлари Сурия ҳукумати қўшини ҳужумларига учраб, турк аскарлари ҳалок бўлмоқда ва расмий Анқара бу ҳудуддаги кузатув пунктларини мустаҳкамлаш учун қўшимча кучлар юбормоқда.

«Конвой [махсус топшириқли ҳарбий бўлинмаларни ҳам ўз ичига олган] қатъий махфийлик шароитларида Идлибга йўл олган», дейилади Анадолу агентлиги хабарида.

Колонналарда танклар ва бошқа зирҳли техникалардан ташқари радиосигналларни тутувчи қурилмалар ўрнатилган транспорт воситалари ҳамда санитар машиналари ҳам бор.

Сўнгги ҳафта давомида Туркия армия кузатув постларини кучайтириш учун юзлаб техника ва минглаб ҳарбийларини кузатув постларини мустаҳкамлаш учун юборган.

Туркия юзлаб ҳарбийларини Идлибдаги кузатув пунктларини мустаҳкамлаш учун юбормоқда / AFP

9 февраль куни туркиялик беш нафар ҳарбий Идлибда Сурия ҳукумати армияси томонидан йўлланган артиллерия зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. Бу Туркия Сурияда сўнгги кунларда иккинчи марта йўқотишга учраши бўлди - февраль ойи бошида сурияликлар ҳужумидан 8 нафар туркиялик ҳарбий ҳалок бўлганди.

Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқарнинг маълум қилишича, Сурия армияси Туркиянинг Идлибдаги тўртта кузатув пости ва икки ҳарбий базасини ўраб олган.

Вазир турк ҳарбийлари Сурия шимолидаги 12та кузатув постларини тарк этмаслиги ва аскарлар «миссияни давом эттириши»ни маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Туркия ҳарбийларига Сурия армияси ҳужумига жавобан янада қатъийроқ чоралар кўриш топшириқ қилинган.
 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурия шимолида ҳукумат қўшинлари зарбаси оқибатида яна бирорта турк ҳарбийси ҳалок бўлгудек бўлса, авиация ишга солиниши мумкинлиги билан таҳдид қилган.

Анқарада чиқиш қилган Эрдўған Туркия февраль ойи охиригача Башар Асад қўшинларини туркларнинг Сурия шимоли-ғарбидаги кузатув пунктлари яқинидан суриб ташлашини айтган.

«Зарурат туғилса, биз барча воситаларни - қуруқликдаги ва ҳаводаги кучларни ишга солишимиз мумкин», деган у.

Бундан ташқари, Эрдўған рус ҳарбийларини Идлибда тинч аҳоли вакилларига ҳужум уюштиришда айблаган. Унинг айтишича, айни вақтда РФ ҳарбийлари ва Эрон таъсиридаги кучлар Сурия шимолидаги одамларга ҳужумлар уюштирмоқда.

Эрдўған турк ҳарбийларига ҳар қандай ҳужумга жавоб қайтарилишини таъкидлаган.

Кремль ташвишда
Идлибда кескинлашаётган вазият Кремлдагиларда ҳам хавотир уйғотган, Россия томони суриялик ва россиялик ҳарбийларга ҳужумларни тўхтатишга ҳамда Туркия билан келишувга риоя қилинишига чақирмоқда.

«Бу аввалдан муҳим эди ва муҳимлигича қолади. Албатта, Сурия қуролли кучлари ва Россиянинг ҳарбий объектларига қарши қаратилган ҳар қандай террорчилик ҳаракатига жавоб қайтарилади», - деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Песков Туркияни Идлибни террорчилардан холи қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганликда айблаган.

«Биз Идлибдаги бундай кутилмаган душманлик ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблаймиз», дея қўшимча қилган у.

Кремль матбуот хизмати хабар беришича, РФ ва Туркия президентлари ўзаро телефон мулоқотида Идлибдаги вазият ҳақида гаплашишган. Сиёсатчилар қўшимча музокаралар ўтказишга келишишган.

Мавзуга оид