Жаҳон | 14:51 / 15.02.2020
9661
3 дақиқада ўқилади

Литва раҳбари АҚШни Болтиқбўйида Россияни тийиб туриш кафолати деб атади

Науседанинг сўзларига кўра, мамлакатда америкалик ҳарбийларнинг мавжудлиги Москвага Литва суверенитетининг ҳар қандай бузилиши жавоб зарбасига олиб келиши тўғрисида сигнал юборади

Фото: Thierry Roge / Global Look Press

Литва президенти Гитанас Науседанинг маълум қилишича, АҚШ Болтиқбўйида «Россия таҳдиди»ни тийиб туришга ёрдам бермоқда. У бу ҳақда Мюнхендаги хавфсизлик конференциясида айтиб ўтди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

«АҚШ ва НАТО бўйича бошқа иттифоқчиларнинг кўмагисиз биз Россия таҳдидини самарали тийиб тура олмасдик. Литвадаги НАТО кучлари имкон қадар тайёр бўлиши жуда муҳим», - деди Науседа.

Президент қўшимча қилишича, Литванинг географик ва геосиёсий жойлашуви ресурслардан самарали фойдаланишни талаб қилади. Шунингдек, унинг таъкидлашича, Болтиқбўйи мамлакатлари хавфсизлиги ва суверенитетининг ҳар қандай бузилиши қатъий реакция ва қасосга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги сигнал кучли тийиб турувчи омил саналади.

2019 йил декабрь ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс Туркия илгари тўсиқ қўйган Болтиқбўйи ва Польша бўйича мудофаа режасини маъқуллагани ҳақида хабар берди. Анқара ўз розилиги эвазига YPG курд қуролли тузилмаларига қарши курашда кўмак тақдим этилишини талаб қилди.

Кузда Америка танклари Литванинг Беларус билан чегарага яқин ҳудудида жойлаштирилди. Ўшанда Науседа улар Минскни қўрқитиш учун эмас, балки ўз мамлакати фуқароларини ҳимоя қилиш учун кераклигини маълум қилди.

Куни кеча Пабраде шаҳри (Беларус чегарасидан 15 км узоқликда) яқинида Техасдан келган Америка армиясининг танклар батальони машқлар ўтказди, дея хабар бермоқда Euronews. Техникларни кўздан кечириш жараёнида АҚШнинг Вильнюсдаги элчиси Роберт Гилкрист ҳам иштирок этди.

НАТО Польша ва Болтиқбўйи давлатларидаги Defender-2020 машқлари бирон бир давлатга қарши қаратилмаганини билдирмоқда. Бироқ, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг «Российская газета»га интервьюда қайд этишича, бундай машқлар Москвада катта ташвиш уйғотмоқда, сабаби улар кераксиз хавфни келтириб чиқаради. «Бундай мутлақо асоссиз машқларни ўтказиш ташаббуси билан чиқаётганлар кескинликнинг янада кучайишига олиб келадиган жавоб чоралари келиб чиқишини истамоқда», - деди РФ ташқи сиёсат идораси раҳбари.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид