Ўзбекистон | 21:22 / 17.02.2020
118319
7 дақиқада ўқилади

«Маҳкума»: Аёллар колониясида бир кун (1-қисм) 

Аёл...  Дунёда унга кўпгина ижобий таърифлар берилган. Ҳақиқатан ҳам нозик ҳилқат вакилаларига қанча чиройли таъриф-у тавсифлар келтирсак, шунча оз. У – муштипар она, севикли ёр, меҳрибон опа, меҳрибон сингил...

Аёл нозик жуссасида бутун ҳаёт ташвишларини кўтариб юриши мумкин. Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам шодликдан иборат эмас. Унда азоб, нафрат, қийинчиликлар ҳам учраб туради. Ҳаётнинг чалкаш йўллари уни гоҳида жиноят кўчасига етаклайди.

Kun.uz ижодкорлари Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида бўлди. Қуйида Ўзбекистондаги ягона аёллар колониясидан тайёрланган видеорепортажни томоша қилинг.

Аёллар колонияси бир неча қисмлардан иборат. Унда учрашув хоналари, маданият маркази ва кутубхона, болалар уйи, ётоқхона, ошхона, ишлаб чиқариш ҳудуди ва маъмурият ходимлари хизмат идоралари жойлашган. Муассасага кириб борар эканмиз, колония маъмурияти бизни маҳкума аёллар томонидан ташкил этилган маданий тадбирга таклиф қилди.

Марказнинг биринчи қаватида маҳкумалар учун қироатхона жойлашган. Маъмуриятга кўра, қироатхона фонди 9 мингдан ошиқ китоб фондига эга. Кутубхона ходимасининг айтишича, маҳкумаларнинг 80 фоизи кутубхонанинг доимий аъзоси ҳисобланади.

Кутубхона

Колония ҳудудида биз танишган навбатдаги марказ маҳкумалар ва уларнинг яқинлари кўришадиган учрашув хоналари бўлди.

Колонияда ўрнатилган тартибга кўра, маҳкумалар ва уларнинг яқинлари узоқ ва қисқа муддатда учрашишлари мумкин. Учрашувлар муддати маҳкумаларни кўришга келганларнинг қариндошлик даражасига қараб белгиланади.

Қисқа муддатли учрашув хонаси

Масалан, маҳкума ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан 3 суткагача қолиши мумкин. Бундан бошқа ҳолларда маҳкумага учрашув учун 2 соат вақт берилади. Бу учрашувлар фақат ойнали тўсиқлар ортида телефон орқали бўлиб ўтади.

Маҳкумалар ҳар 2 ойда бир марта яқинлари билан кўришиш имкониятига эга.

Маҳкума фарзанди билан колонияда яшаши мумкинми?

Ҳа. Фақат бунда маълум ёш чекловлари амал қилади. Суд ҳукми ўқилган пайтда маҳкума ҳомиладор бўлса (қамоқхонада кўзи ёриса) ёки 3 ёшга тўлмаган фарзанди бўлса, ўзи хоҳлаган тақдирда колонияга фарзандини олиб келиши мумкин.

Маҳкумаларнинг фарзандлари учун мусиқа хонаси

Колонияда болалар уйи ташкил этилган. Бу худди болалар боғчасига ўхшайди. Оналар боласини бир кунда 2 марта 2 соатдан кўриб туришлари мумкин. Эмизикли аёллар эса бир кунда 7 маҳал фарзандлари билан кўришишларига шароит яратилади.

Бу ерда 2 ойлик чақалоқлардан тортиб, 3 ёшгача бўлган гўдакларни ҳам учратиш мумкин. Бу худди ўзининг тор кўлмагини бутун дунё деб тасаввур қилувчи балиқча ҳаётини эслатади.

Болалар уйида педиатр, психолог, тарбиячилар хизмат кўрсатади. Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумаларнинг фарзандлари 3 ёшдан кейин яқин қариндошлари ёки маҳкуманинг розилигига асосан болалар уйига топширилади.

Эътиборимизни тортган жиҳати шунда бўлдики, колониядаги болалар озодликда ўсаётган тенгдошларига қараганда анча одамови. Бизни ҳам бу болакайлар бегонасираб қарши олди. Улар билан учрашган киши сезадики, мурғак кўзларда жуда оғир маъюслик кўзга ташланади. Халқимизда болаларга нисбатан айтиладиган «Ерга урсанг кўкка сапчийди», ибораси улар учун эмасдек гўё.

Болалар уйидан чиқиб, аёллар ётоқхонасига кирамиз. У ерга кирганимизда маҳкумалар тушликка чиқиш учун тайёргарлик кўришаётган экан. Шу ернинг ўзида бир неча аёлларни суҳбатга тортдик.

Ётоқхона

Уларнинг айтишича, кун тартиби соат 6.00да уйғонишдан бошланади. Сўнг ётоқ жойлар тартибга келтирилади. Маҳкумалар ҳар куни тонгда ва тунги уйқудан аввал (соат 22.00) колония қўриқчилари томонидан саноқдан ўтказилади.

Биз билан гаплашган маҳкумалар кечки уйқуга қадар мажбурий тарзда ахборот дастурлари кўрсатилиши ҳамда севиб томоша қиладиган сериаллари ҳақида айтиб беришди.

Қамоқхона ҳудудида жойлашган мана бу симёғочда ин қурган лайлакларга боқинг. Бу лайлаклар узоқ йиллардан бери шу ерни макон қилишган. Колония ходимларининг айтишича, умумий афвлар эълон қилинган ёки жазо муддати тугаган маҳкумалар озодликка чиқаётган пайтда барча бир бўлиб бақиришади ва лайлакларни осмонга учиришади. Бу қамоқхонадаги энг қувончли одатлардан бирига айланган.

Аёлларнинг асосий вақти ўтадиган ишлаб чиқариш ҳудудига ҳам етиб келдик. Маҳкумалар тилида бу жой «промзона» дейилади.

Ишлаб чиқариш корхонаси

Ишлаб чиқариш худудига кириш жойидаги ёзувга эътибор беринг: «Режа – қонун, бажариш – бурч, ортиғи билан бажариш шарафдир»

«Промзона»да аёллар тикувчилик, чинни идишларга ишлов бериш, пайпоқ тўқиш каби ишларни бажаришади. Мутасаддиларга кўра, маҳкумалар соат 9.00дан 18.00гача мана шу ерда меҳнат қилишади. Уларга иш ҳажмига қараб ойлик тўланади. Бу ойлик 200 минг сўмдан 700 минг сўмгача бўлиши мумкин.

Маҳкумаларнинг иш вақти тугагач, кечки овқат вақти бошланади. Кечки овқатга боришдан аввал барча маҳкумалар сафланиб, ватанпарварлик қўшиқларини айтиши керак.

Маҳкумалар дастурхони овқат, нон ва чойдан иборат. Репортажимиз куни маҳкумаларга «перловка» тайёрланган экан. Овқат таъмини билиш мақсадида биз ҳам ундан татиб кўрдик

Қамоқхона мутасаддиларига кўра, маҳкумалар ҳар куни бундай овқат емайди. «Бизда балиқ, ош каби таомлар ҳам тайёрланади», – дейди ходимлардан бири.

Тушлик вақти

Овқатланиб бўлган маҳкумалар 2 соатлик шахсий вақт олишади. Бу муддатни улар китоб ўқиш, телевизор кўриш, шахмат-шашка ўйинлари билан ўтказишлари мумкин.

У ердан қайтар эканмиз, руҳимизга қандайдир оғирлик ва сўлғинлик тушганини ҳис қиламиз. Биз билан суҳбатда бўлган аёлларнинг айтишича, қамоқхонада бўлган ҳар бир инсоннинг руҳиятига шу каби оғирлик тушиши табиий ҳолат экан.

Маҳкумалар кечки овқатга киришдан аввал

«Қамоқхона тўрт девор орасидаги бир хил ҳаёт ва тутқунликликдаги аёлларнинг оғир хаёллари, аччиқ кўзёшларини ўзида сақлайди», – дейди улар.

Хулоса қиламизки, киши ҳар бир қилаётган ишининг оқибатини ўйлаб кўрсин. Қисқа муддатли алдамчи орзу-ҳавас, шайтоний ўй-хаёллар уларни алдаб қўймасин. Репортаж бошида сўзимизни аёлларни улуғлашдан бошладик.  Тилагимиз мана шу улуғ ном маҳкума, деган тамға билан ҳеч қачон боғланмасин.

Kun.uz мухбирлари – Илёс Сафаров, Муҳаббат Маъмирова,

Тасвирчилар – Отахон Юсупов, Арслон Аллаберганов.

Мавзуга оид