Light | 15:32 / 20.02.2020
43645
3 дақиқада ўқилади

Фото: Лайлаклар Ўзбекистонда қишламоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида лайлаклар қишни ҳам шу ўлкада ўтказишаётгани кузатилмоқда. Бу иқлим ўзгариши оқибатими?

Қишнинг қоқ чилласида Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан ўтган йўл бўйидаги қишлоқларда ажойиб гўзалликларга гувоҳ бўлиш мумкин.

Уяли алоқа оператори антеннасида ёки йўл бўйидаги симёғочларда кўплаб лайлаклар инлари бор.

Лайлак асли иссиқсевар қуш ва ҳаво ҳарорати совиши билан иссиқ ўлкаларга учиб кетади. Бироқ сўнгги йилларда улар Ўзбекистонда қолишни маъқул кўрмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қадимдан Европа лайлаклари қишда Африкага, Марказий Осиёдаги қушлар эса Ҳиндистоннинг ғарбий қисмига учиб кетишни одат қилишган.

«Фарғона водийсида айрим жуфтлар совуқ фаслда ҳам қолаётганига гувоҳмиз. Аслида лайлаклар иссиқ фаслда келиб, тухум қўйиб, бола очиб сўнг сентябрь-октябрь ойларида учиб кетарди», дейди Андижон давлат университети ўқитувчиси, доцент Анваржон  Умматов.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, лайлаклар сўнгги беш йил давомида миграция қилмай қўйишган.

«Беш йилдан бери лайлаклар кетмай қўйишди. Эрталаб кун исиши билан озуқа излаб учиб кетишади. Тушга яқин келиб, тумшуқларини тақилатиб, дам олишади. Ўзимизнинг қадрдон лайлаклар. Қишлоқ аҳли уларнинг ҳаракатларини завқланиб кузатамиз», дейди шу ерлик отахон.

Наманган вилояти Уйчи тумани Тўқай қишлоғи йўл четидаги қатор электр симёғочларида ҳам лайлак уяларини кўриш мумкин.

«Уч йилдан бери уч жуфти ҳар йили қолади. Тухум қўйиб очган пайтда йўл четига йўловчилар тўпланиб, боласига учишни ўргатаётганини томоша қилишади», дейди Тўқай қишлоғилик Акрамжон Мусаханов.

Соҳа одамларининг айтишича, лайлаклар қишда кучли совуқ бўлмаса қийналмас экан. Уларнинг патлари иссиқ сақлайди. Патсиз оёқлари эса, улардаги бошқа турларга ўхшамаган қон айланиш тизими туфайли совқотмайди. Тумшуқларида қон томирлари бўлмас экан. Қишда улар кам ҳаракат қилиб, қунишиб энергия тежашади.

Олимлар совуқ ойларда қушларга қўлда овқат бериш кераклигини айтишган. Улар бу ҳолатга ўрганиб қолиб, бошқа иссиқроқ ҳудудларга ўтишга уринмай қўйишлари мумкин. Қиш ойларида фақат жуда ҳолсизланиб қийналган лайлакларни реабилитация марказларига топшириш мақсадга мувофиқ.

«Лайлак келди, ёз бўлди...»

Бир вақтлар, болалигимизда мана шундай сўзлар билан бошланадиган шеърни айтар эдик. Кузак пайти самода ҳалинчак ҳосил қилиб, «қур-қур»лаб учаётган турналар совуқ кунлар яқинлашаётганидан дарак берар эди. Қиш ўтиб, кунлар исиганда кўкда қанот қоқиб келган лайлакларни кўрардик.

Мутахассисларнинг айтишича, лайлаклар учиб кетмаётгани бу ерда улар учун озуқа етарли экани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Узунтумшуқ қушлар асосан майда балиқлар, қисқичбақасимонлар ва бақалар билан озиқланади. Юртимизда қиш илиқ келаётгани уларга қулай шароит яратаётган бўлса керак.

Элмурод Эрматов

Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид