Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўпик оқизилиши биринчиси эмас: “Нил-Гранит” аввалдан Жанубий Фарғона каналини ифлослантириб келгани маълум бўлди
“SAMO” брендига эгалик қилувчи МЧЖ шу йил 21 майга қадар ҳам ишлаб чиқаришдаги чиқинди сувларни Жанубий Фарғона каналига оқизиб, сувни ифлослантириб келган. Бу учун МЧЖ раҳбари Абдуваҳоб Маткаримов суд қарори билан 1 млн 875 минг сўмлик жаримага тортилди. Айнан шу корхона томонидан 26 июл куни ҳам каналга кўпик оқизилганди.
Фото: Kun.uz
Жанубий Фарғона канали сувини ифлослантириб келган корхона раҳбари жаримага тортилди. Ушбу масалага оид ҳуқуқбузарлик жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман судида кўриб чиқилган.
Суднинг 2025 йил 8 августдаги қароридан маълум бўлишича, Адбуваҳоб Маткаримов раҳбарлик қилиб келган “Нил-Гранит” МЧЖ (“SAMO” бренди) томонидан Жанубий Фарғона каналига чиқинди сувлари оқизиб келинган.
Қарорда келтирилишича, корхонанинг ишлаб чиқаришидан чиққан оқова сувлари учун қурилган локал сув тозалаш иншоотининг ишлаш самарадорлигини доимий назорат қилиш белгиланган. Бироқ бу иншоот қисман ишлаётгани маълум бўлган. “Нил-Гранит” МЧЖ раҳбари А.Маткаримов авариявий ҳолатдаги чиқинди сувлар тозаланмасдан корхона ҳудудидаги махсус ариқ орқали Жанубий Фарғона каналига оқизишга йўл қўйиб берган.
Ушбу ҳолат Андижон вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан 2025 йил 21 май куни ўтказилган ўрганишда аниқланган.
Адбуваҳоб Маткаримов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 72-моддаси (сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, БҲМнинг 5 баравари миқдорида, яъни 1 млн 875 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланган.
А.Маткаримов иштирокисиз ўтказилишига розилик билдириб, ариза тақдим қилгани учун суд маъмурий ишни ҳуқуқбузарнинг иштирокисиз кўриб чиққан.
Шу йил 26 июл куни Жанубий Фарғона каналининг Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғидан ўтувчи қисмида қуюқ оқ кўпик оққанди. Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ўтказганда сувчи – мироб Илҳом Буваев Хўжабод туманидаги “SAMO” трикотаж фабрикасидан чиққан чиқинди сувлар канал сувига қўшилиб, доимий равишда ифлослантиришини билдирганди.
“Целлофан, кўмирга ўхшаган қора рангдаги химикат, кўпик оқади. Кузга борганда каналда ҳеч бир тирик зот қолмайди. Балиқларгача қирилиб кетади химикат заҳридан. Каналда доимий заҳар оқавериб, фақат илонбалиқлар қолган. SAMO'дан буёғида, айнан фабриканинг чиқинди суви оқизиладиган қисмидан бошлаб қурбақалар ҳам ўлиб кетган. Табиат жонзотлари қирилиб битди хуллас. Авваллари бу сувдан ичар эдик. Чорвалар ичарди, ҳозир энди ҳатто товуқларга ҳам бермай қўйдик канал сувини”, деган у.
Ўша суриштирувда интервю берган Булоқбоши тумани экология бўлими бош мутахассиси Жасурбек Худойбердиев ҳам бу воқеа SAMO фабрикаси билан боғлиқ эканини айтганди.
“26 июл кунги Жанубий Фарғона каналида кўпик оққани ҳолати бўйича тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганила бошланди. Каналга Хўжаобод туманида фаолият олиб борадиган “Нил Гранит” МЧЖ томонидан оқова сувини ташлаш ҳолати содир этилгани аниқланди”, деган эди экология бўлими ходими.
Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025 йил 30 май кунги ахборотида “Н.Г.” МЧЖ томонидан матоларга ранг бериш цехидан чиқаётган оқова сув, тозалаш иншооти тўлиқ ишламагани сабабли, қисман тозаланмасдан Жанубий Фарғона каналига ташланаётгани, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилиши айтилганди.
Kun.uz’да мавжуд идоралараро ёзишмада айтилишича, ҳолат юзасидан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун 1 август куни жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман судига юборилган.
Суд идораларидаги манбанинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ушбу маъмурий иш ҳужжатлари ЖИБ Хўжаобод туман судига келиб тушган. Аммо камчиликлар сабаб материаллар Экология бошқармасига қайтарилган. Камчиликлар бартараф этилиб, қайта судга юборилгани таҳририятга маълум эмас.
Мавзуга оид
20:35 / 08.09.2025
Автомобиллар учун экостикерлар жорий этиш яна кечиктирилди
21:07 / 28.08.2025
Автомобиллар ранги шаҳардаги ҳаво ҳароратини ошириши мумкин – тадқиқот
20:07 / 23.08.2025
Жиззахда икки туп арчани илдизи билан суғуриб олган шахсга қарийб 16 млн сўм жарима солинди
09:52 / 21.08.2025