Жамият | 16:58 / 13.01.2026
26533
15 дақиқада ўқилади

“Аввалига ўлдиришади деб қўрқдим, кейин ўрганиб қолдим” – Уйчида ўғирлаб кетилиб, 4 кун ушлаб турилган йигит ҳикояси

Уйчи туманида эрталаб ўқишга йўл олган болани мактаб дарвозаси ёнида ниқобли шахслар ўғирлаб кетади. 2 йил олдин содир бўлган ушбу шов-шувли воқеа ҳақида аввалроқ лавҳа эълон қилгандик. Жиноятчилар 4 кун ушлаб туриб, отасидан 300 минг доллар талаб қилган йигит Тошкент халқаро Вестминстер университети талабаси Азизбек Лутфуллаев бўлиб чиқди. У ўғирлаб кетилиши воқеаси ва жиноятчилар билан ёнма-ён юриб, қандай қийинчиликларни бошдан кечирганини Kun.uz’га сўзлаб берди.

Ушбу жиноий режани тузганлар ўша машҳур “Ишбилармон одамлар” филмидан илҳомланишган кўринади. Албатта, жиноий тўда аъзолари ҳаммаси хамирдан қил суғургандай осон кечади, болани ўғирлаб кетамиз, сўнгра унинг отасидан товон пули талаб қиламиз, қарабсизки, жарақ-жарақ долларни қўлга киритамиз, деб ўйлашган. Бироқ улар филмдаги каби ўғирланган болани 4 кундан сўнг ўзлари уйига жўнатиб юборишларини хаёлларига ҳам келтирмаганди.

Азизбек Лутфуллаевни ўғирлаб кетиш режасини Косонсой туманида яшовчи 35 ёшли Элдор Қодиров тузганди. Унга Уйчи туманида яшовчи, 25 ёшли Ойбек Шамшиддинов, 26 ёшли Абдулатиф Собиров ҳамда Наманган шаҳрида яшовчи 25 ёшли Абдулқодир Йўлдошев шерик бўлган.

Азизбекни ўғирлаб кетиш режаси 2023 йил 16 октябр куни амалга оширилган. Айни шу куни соат 8:45 да ўқишга йўл олган Азизбек Лутфуллаев мактаб дарвозаси олдида ниқобли шахслар ҳужумига учраган: Элдор Қодиров ва шериклари унинг қўлини қайириб, Nexia’га тиқади ва машинани катта тезликда ҳайдаб кетишади. Барчаси сониялар ичида юз берган, бола нималар бўлаётганини англамай ҳам қолганди.

Азизбек ушбу ҳолат қандай содир бўлганини шундай ҳикоя қилади:

2 йил олдин, 16 октябр куни ҳаётимда унутишнинг иложи йўқ бўлган воқеа юз берди. Эрталаб уйғониб, уйдан чиқдим. Кўчамизда қурилаётган уй бор эди, ҳеч ким яшамайди у ерда. Ўша ерда Nexia машинаси турган экан. Озгина эътиборимни тортди. Чунки у ерда машина турмасди ҳеч. Қўшнилар қўйгандир, дея табиий равишда қабул қилиб, ўтиб кетдим.

Кўчамиздан боғчамиз томонга бурилдим. Тахминан 50 метрча юргандим, ёнимдан бир Nexia ўтиб кетди. Уни ҳам табиий қабул қилдим. Тахминан 100 метрдан сўнг мактабимиз томонга бурилиш бор. Nexia ўша бурилишда секин тўхтади. Шунда эътиборимни тортди ва машинага шубҳа билан қараб қўйдим. Мактабимизга тахминан 30 метр қолганда ичимда бир куч югур, қоч, дегандай бўлди. Сониялар ичида Nexia ортимдан келди ва машина тўхтар-тўхтамас ундан битта қўл чиқиб, мени ушлади. Мен ўзимни ҳар томонга отиб, чиқиб кетишга ҳаракат қила бошладим. Шу пайт юзимга урди. Қарасам, ниқоб таққан икки киши. Тўполон бошланиб кетди. Бир қўлим гипсда эди, қимирлатиш мумкин эмасди. Орада ерга йиқилиб тушдим ва иккинчи қўлим билан дарахтни ушладим. Шунда юзимга 2-3 марта тепишди ва дарахтни қўйиб юбордим. Машинага миндиришди ва ҳайдаб кетишди. Дарҳол оёқ-қўлимни, кўзимни боғлашди. Қўрқиб кетганимдан саволлар бера бошладим. Овозингни ўчириб ўтир, кейин билиб оласан, деган мазмунда жавоб беришди. Тепароғимизда канал бор эди, ҳозир мени ўша каналга олиб бориб ташлаб юборишади, деган фикр ўтарди хаёлимдан”.

Азизбекнинг ўғирлаб кетилганини мактаб ўқитувчиларидан бири кўриб қолади ва қоровулхонага югуриб бориб, ўша ерда турган директор ўринбосарига айтади. Директор ўринбосари воқеа жойига қараб югуради. Аммо бола ўғирлаб кетилган жойда худди кинолардаги каби унинг кийими ва сумкаси ётарди. Директор ўринбосари уларни олиб, мактаб қоровулига тутқазади ва ўзи ички ишлар ходимларига хабар беради. Бу орада боланинг отаси Авазбек Абдуллаевга ҳам қўнғироқ қилишади. Хуллас, ҳамма оёққа турган, мактабда ғала-ғовур бошланганди.

Бу пайтда жиноятчилар Азизбекни бошига қоп кийдирган ҳолда уни номаълум томонга олиб кетишарди.

Ҳозир мени қаергадир олиб боришади, кинолардаги каби столга ўтқизиб, урган ҳолда нимадир сўрашади, деган хаёлда ўзимни руҳий тайёрлаб кетяпман. Йўлда умримдаги энг кучли чанқоқни ҳис қилдим. Сув бермасанглар ўлиб қоламан ҳозир, деганман. Аммо беришмади, сув йўқ дейишди. Озгина вақтдан сўнг ҳушимдан ҳам кетиб қолдим. Лекин узоқ юрганимизни сездим.

Кейинчалик билишимча, Косонсойнинг қайсидир қисмига олиб боришган. Қирғизистонга чиқиб кетиш учун яхши йўналиш бўлган бу жойлар. Улар худди мени Қирғизистонга олиб чиқиб кетмоқчидай бўлишганда, кейин ортга қайтишган. Тошлоқ йўллардан юришган. Машина қаердадир тўхтаб, бошқа машинага олиб чиқишган мени. У пайтда бошимдаги қопни олиб ташлаганди. Лекин кўзим ва қўл-оёқларим боғланган бўлган.

Иккинчи машинага миндиришгач, Элдор йўқ бўлди, бошқа одам келди. Мени машина орқа ўриндиғига ётқизиб қўйишди. Йўлга чиқдик. Нимадир маълумот олиш мақсадида сўраяпман, бироқ улардан бири роса ёмон сўкиниб жавоб берди ва жим кетишимни, йўқса ўлдириб юборишини айтди. Ростдан мени ҳақиқий мафиялар олиб кетяпти, деб ўйлаганман.

Светофорларда кўп тўхталган. Машинанинг эшиги қулфланмаганди. Авария бўлсак, барибир атрофда одам тўпланади-ку, қутулиб қоламан, деган фикрлар ўтган. 4-5 та светофорларни ўтказиб юборганман қўрқувдан. Охири таваккал қилиб, светофорга тўхтаганда ўрнимдан туриб, эшикни ушладим. Бироқ уни очмасимдан олдинда ўтиргани мени тортиб қолди. Бу сониялар ичида содир бўлди. Кейин кичкина пичоқни бўйнимга тираб, яна қўрқита бошлади. Тахминан 3-4 соат юрдик. Андижонга борган эканмиз. У пайтда билмаганман Андижонга борганимизни”, дейди Азизбек.

Жиноятчилар мўмайгина товон пулини ўйлаётган бу пайтда ички ишлар ходимлари тезкор равишда ишга киришганди. Мактаб ёнидаги савдо дўкони камерасига тушиб қолган машинанинг давлат рақам белгиси аниқ, у кимга тегишли эканини билиш қийин эмасди. Кўп ўтмай машина топилади. Бироқ унинг ҳақиқий эгаси машина юкхонасига тиқиб кетилган эди.

Гап шундаки, Элдор Қодиров ва унинг шериклари Азизбекни ўғирлаш учун ўз машиналарида бормаган. Улар ўша куни ярим тунда Наманган шаҳрининг Давлатобод туманига Yandex иловаси орқали такси чақирган. Буюртмани Жамшид Мамадиев қабул қилиб олган ва Nexia машинасида чақирув манзилига борган. Мижозлар таксида Уйчи туманининг Тепасарой маҳалласи ҳудудига, шимолий Фарғона канали олдига келган.

Шу ерда улар ҳайдовчига ҳужум уюштирган: орқа ўриндиқда ўтирган Абдулатиф Собиров ҳайдовчининг бўйнидан арқон ўтказиб, бўға бошлаган, Ойбек Шамшиддинов унинг бошига махсус тайёрланган шапкани кийдирган. Элдор Қодиров эса бўйнига пичоқ тираб, қаршилик қилса ўлдиришини айтган.

Жиноятчилар Жамшид Мамадиевнинг қўл ва оёқларини ўзлари олиб келган арқон билан боғлаб, оғзини латта билан беркитган ҳамда уни машинанинг орқа юкхонасига тиққан. Сўнгра машинани ўзлари бошқариб, Азизбекни ўғирлаб келган.

Шу тариқа жиноятчилар болани киракашнинг машинасида Наманган шаҳри Янги Наманган туманидаги дала майдонига олиб боришади. Шундан сўнг уни Абдулқодир Йўлдошевнинг Nexia-2 машинасига ўтказишади. Шу тариқа, Абдулқодир Йўлдошев ва Абдулатиф Собиров Азизбекни Андижон шаҳрининг Хўтан ариқ маҳалласидаги хонадонлардан бирига олиб кетади.

Элдор Қодиров ҳамда Ойбек Шамшиддинов юкхонасида Жамшид Мамадиев бўлган машинани Косонсой туманининг Бомраҳа мавзеси ҳудудидаги дала майдонига бошқариб боради. Сўнг ўзингни ўзинг қутқарасан, дея Жамшид Мамадиев ёнига ўзлари олиб қўйган телефонини қайтариб қўйиб, воқеа жойидан яширинишади. Ҳайдовчи тишлари ёрдамида қўлларидаги арқонни ечиб, ички ишлар ходимларига хабар беради.

Битта “дом”нинг олдига олиб боришган экан мени. Атрофни айланиб, кузатиб келишди, бир соатлар уйга киролмасдан турдик. Қанақадир чол турган экан эшик тагида, шунинг кетишини кутишди. Кейин шу жойга Элдор келди. Менга умуман овозимни чиқармасликни, агар бақирсам ўлдиришини айтди. Иложим йўқ, уларнинг буйруғига бўйсунишим керак, хўп дедим. Мени кўтариб, 4-қаватга олиб чиқишди. Кучли қўрқув ҳисобига ҳеч нарса қилолмаганман.

Уйга олиб киргач, ётқизиб қўйишди. Қўлимни ечиб, бир қўлимни иссиқлик қувурига боғлашди. Элдорга уйимдагилар билан тезроқ алоқага чиқишни сўрадим. У ҳозир эмас, кейинроқ, деди. Қолганлар жим ўтирди. Бу пайтда менга сўкинган ҳайдовчи Қирғизистонга ўтиб кетган экан.

Кечқурун бўлди, картошка қовуриб чиқишди. Озгина едим. Униям дори ичиш учун едим, чунки бошим жуда қаттиқ оғриётганди, қошим ҳам ёрилган экан.

Ўша куни уйимдагилар билан боғланишмади. Умуман олганда, ҳолатим ёмон эмасди. Бироқ буни уйимдагилар билишмасди. Шу нарса руҳан таъсир қилаётганди. Қачон уйимдагиларни ўйласам, кўзимга ёш келарди. Ҳаёт мени гўё кичик бир қутига солиб қўйгандай, ҳамма жой ёпилиб қолганди.

Кун ўтди, кечаси ҳаммаси ёнимда ётди. У пайтда қўлимни ечиб қочишимни ўйлаб кўрмасам ҳам бўлаверарди. Чунки озгина қимирласам ҳам сезиб ётишди. Шу билан тонг отди”, дея ҳикоя қилади Азизбек.

Жиноий режанинг биринчи қисми амалга оширилган, энди бола учун пул ундиришгина қолганди. Жиноятчиларнинг назарида барчаси осон кечаётган эди. Элдор Қодиров боланинг отаси Авазбек Абдуллаевга Telegram орқали алоқага чиқади ва фарзандини тирик кўришни хоҳласа 300 минг доллар бериши кераклигини айтади. Агар пулни бермаса, боласини ўлдириб юбориш билан таҳдид қилади. Исбот сифатида отага ўғлининг овозли ёзуви юборилади.

Дадам билан асосан овозли хабарда гаплашганмиз: Элдор овозли хабарни ёқиб турган, мен гапирганман. Ҳамма гапни айтиб турган Элдор. У нима деган бўлса ўшани гапиришга мажбур бўлганман. Элдор дадамга ички ишларга бормасликни айтган, пулни берасиз ва болангизни қайтарамиз, деган.

Дадам ҳам пулни йиғиб берамиз, ўғлимга ҳеч нарса қилманглар, деган гапларни жўнатган. Булар пулни криптовалютада сўрашган. Уйимдагилар бунча пулни йиғилди, деб айтиб туришган. Кейинчалик билишимча, улар ички ишлар вакилларининг топшириғи билан вақтни чўзиш учун шунақа дейишган экан”, дейди Азизбек Лутфуллаев.

Жиноятчилар изни йўқотиш ва ички ишлар ходимларини чалғитиш мақсадида Азизбекни 18 октябр куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги хонадонлардан бирига, сўнгра эса Чирчиқ туманидаги далаҳовлига олиб боришади. Бу орада Тошкент шаҳрига келиб, айланиб ҳам кетишган.

Иккинчи куннинг эрталаби бўлди. Мени уйғотишди ва кетишимиз кераклигини айтишди. Улар Қирғизистонга ўтиб кетган шериклари ушланиб қолган бўлиши мумкинлигидан шубҳаланишди. Биз турган манзилни эса у биларкан. Кўзингни очамиз, аммо кейинчалик ҳам бизни кўрганингни ҳеч кимга айтмайсан, дейишди. Рози бўлдим.

Кўзимни очишди ва мен уларни кўрдим. Тасаввуримдаги инсон бошқа эди, Элдор бошқачароқ экан. Тўғриси, жиноятчига ҳам ўхшамасди. Биринчи қарашимда шунақа таассурот қолдирган менда.

Бошимга шапка берди, ўшани кийдим. Сўнгра “дом”дан чиқдик. Такси чақиришган экан. Тахминан ярим соат ўша кўп қаватли уй пастида айланиб юрдик. Такси келгач, машинага ўтирдик. Мен орқа ўриндиқнинг ўртасига ўтирдим, икки томонимга иккитаси минди. Кейин Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиқдик.

Йўлда машина “метан-заправка”га кириб келди. Тушиб кутиб турдик. Ёнимда Элдор бор эди. Оддий йўл, кўча. Ўтирибмиз. Қўлларим ва оёқларим ечиб ташланган у пайтда. Қочаман десам ўша пайтда ҳам вазият бор, аммо қўрқдим. Аслида қочишим мумкин бўлган имкониятлар бўлган, қўрқув шу даражада кучлилигидан ҳеч нарса қилолмаганман.

Шу тариқа Тошкентга етиб келдик. Қаердалигимизни сўрасам, Мирзо Улуғбек туманидамиз, деди Элдор. Одамлар айланиб юрибди, одатий ҳаёт, хилват жой эмас, шаҳар маркази: мендаги қўрқувни кимдир сезиб қолармикан, дея ўтиб-қайтаётганларга қараяпман, лекин ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳамма ўзи билан овора.

Элдор сени Қорақалпоғистонга олиб кетамиз, деди. Мен бормаслигимни айтдим. Барибир буларни топишади ва мени ортга қайтаришади, имкон қадар узоқлашиб кетмайлик, деган фикр бор эди. Тўғриси, йиғлаб туриб олдим Қорақалпоғистонга бормайман деб. Озгина тортишдик. Кейин Элдор машина чақирди ва Чорвоққа чиқиб кетдик. Далаҳовлига бордик. Ўтириб овқатландик, улар пиво ичишди. Яна уйимдагилар билан ёзишди. Шу билан кеч бўлди. Қайсидир маънода бу вазиятга кўникиб ҳам қолдим”, дейди Азизбек.

Улар болани далаҳовлида 20 октябр куни соат 15:00 ларга қадар ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиб, ушлаб туришган. Бу орада гуруҳ аъзоларидан бири – Азизбекни ўз машинасида Андижон шаҳрига олиб боргач, Қирғизистонга чиқиб кетган Абдулқодир Йўлдошев қўшни давлатда қўлга олинганди.

Кейин Чирчиқ шаҳрига бордик. Элдорнинг бир таниши бор экан, ўшанинг уйига бордик. Мени махсус машинада олиб юришмаган, қаерга борсак таксида юрганмиз.

Қанақадир ўғирланган одамни келтириб, яшириб қўядиган уй эмас, одамлар яшайдиган оддий уй, болалар ҳам бор экан. Бу энди учинчи кун кечқурунги гап. Элдорнинг таниши бўлган аёл меҳмонлар келибди-ку, дея овқат тайёрлади. Едик. Элдор яна уйимдагилар билан боғланяпти.

Шу пайт Элдорга кимдир қўнғироқ қилди. У гўшакни олиши билан қўнғироқ қилган одам Элдорни сўка бошлади. Қўрқиб кетдим. Чунки мен ҳали буларнинг қўлида эдим. Элдор бошқа хонага чиқиб кетди. Бироздан сўнг хонадан чиқиб келди, у шок ҳолатида эди, бўлди, ҳаммаси тугади, деди шерикларига. Нима бўлганини тушунмай қолдим: вазият энг чигал нуқтасига келди-да, бошқа томонга ўзгариб кетди. Элдор менга тур, кетамиз, деди. Нима қиласизлар мени, дея сўрасам, бўлди, кетасан, дея жавоб берди. Тўлиқ тушунмасам ҳам хурсанд бўлиб кетдим”, дея ҳикоя қилади Азизбек.

Шу тариқа, Элдор Қодиров ва унинг шериклари Азизбек Лутфуллаевни ўзлари таксига ўтқазиб, уйига жўнатиб юборишади. Азизбек ҳозирда Тошкент халқаро Вестминстер университетида таҳсил олмоқда. У ҳаётида содир бўлган ушбу воқеани ҳеч қачон унутмаслигини, бу ўзи учун катта сабоқ бўлганини билдирди.

Жиноят жазосиз қолмаган: суд ҳукми билан Элдор Қодиров 17 йил-у 1 ой, Абдулатиф Собиров 11 йил, Ойбек Шамшиддинов 10 йил-у 3 ой, Абдулқодир Йўлдошев 7 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Юқори инстанция судлари дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид