Ўзбекистон | 15:42 / 21.02.2020
14046
3 дақиқада ўқилади

Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми коронавирус туфайли қолдирилди

Коронавируснинг тарқалиши сабабли глобал эпидемиологик вазият ёмонлашаётган бир пайтда, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисини 2020 йилнинг ноябрь ойига қолдиришга қарор қилинди.

Тошкент шаҳрида 5-6 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми Хитойдаги коронавирус эпидемияси туфайли куз фаслига қолдирилган. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов маълум қилди.

Қайд этиш керакки, бу ушбу тадбир иккинчи марта бошқа муддатга қолдирилишидир. Форум аввалига 2019 йилнинг кузида ўтказилиши белгиланганди.

«Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ глобал эпидемия вазияти туфайли ҳукумат Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисини март ойидан ноябрга қолдиришга қарор қилди», – дея Умурзоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. У аниқ сана кейинроқ маълум қилинишини билдирган.

Унинг қўшимча қилишича, бу қарор форум иштирокчилари ва мамлакат фуқаролари орасида вирус тарқалиши олдини олиш зарурати билан боғлиқ. 

Вазир шу кунларда форум иштирокчиларининг учдан бир қисми форумга келишга рози бўлмагани ва айнан шу сабаб форум қолдирилишига сабаб бўлгани ҳақида ОАВда тарқалган хабар ҳақиқатга мос эмаслигини қайд этиб ўтган. «Аслида бундай гап бўлгани йўқ. Форумда қатнашиш истагини билдирганлар сони кутганимиздан ҳам зиёд бўлди. Биз 1500 киши иштирок этишини мўлжаллаганди, айни вақтда эса рўйхатдан ўтганлар сони 1 700 нафардан ортиқ», – дейди Умурзоқов. 

Шундан бизнес вакиллари – 1284, хорижий ҳукумат вакиллари – 422, оммавий ахборот воситалари вакиллари – 42 кишини ташкил этди. Рўйхатдан ўтганлар дунёнинг жами 63та мамлакати вакилларидир.

Ташкилий қўмита илгари рўйхатдан ўтган шахсларни янги муддатлар тўғрисида хабардор қилиш бўйича ишларни ташкиллаштиради, шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисини жаҳон ишбилармон доиралари ва етакчи оммавий ахборот воситалари орасида кенг тарғиб қилиш бўйича ишларни давом эттиради.

Қўшимча равишда Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлиси тўғрисида аниқ маълумотлар эълон қилинади.

Хитойнинг Ухан шаҳрида 2019 йилнинг декабрида тарқала бошлаган коронавирус эпидемиясидан зарарланганлар сони 36 мингдан ошиб кетган (жами 30 мамлакатда), вирус қурбонлари сони 2 247 нафарни ташкил қилмоқда, 18 мингдан ортиқ киши тузалиб, уйига қайтган.

Эпидемия туфайли кўплаб оммавий тадбирлар кейинроққа қолдирилмоқда ёки бутунлай бекор қилинмоқда. Жумладан, Халқаро автомобил федерацияси (FIA) коронавирус туфайли Хитойдаги «Формула-1» Гран-Присини кейинроққа кўчирган. Шунингдек, Барселонадаги йирик кўргазма - Mobile World Congress коронавирус таҳдиди туфайли бекор қилинган.

Мавзуга оид