Фан-техника | 22:04 / 21.02.2020
10490
3 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис IMEI-кодлари бўйича жамоавий мурожаат юзасидан ишчи гуруҳ тузди

Бугун, 21 февраль куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари бўйича қўмитаси томонидан пресс-брифинг ўтказилди. Унда MeningFikrim.uz ахборот портали орқали мобиль қурилмаларни IMEI-кодлари бўйича тўлов олиниши юзасидан жамоатчилик мурожаати келиб тушгани, вазиятни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис томонидан ишчи гуруҳ тузилгани хабар қилинди. Қўмита раиси ўринбосари Дониёр Ғаниев ишчи гуруҳ раҳбари сифатида жамоавий мурожаат ўрганишда қилинадиган ишлар бўйича расмий баёнот берди.

Дониёр Ғаниев / Қонунчилик палатаси

«14 декабрда MeningFikrim.uz ахборот порталига мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича жамоавий мурожаат жойлаштирилган. Унда жисмоний ва юридик шахслардан мобиль қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатга олишда тўловларни бекор қилиш ва тизимни соддалаштириш тартибини жорий этиш бўйича таклиф билдирилди. Жорий йил 17 февраль куни мурожаат 10 мингдан ортиқ овоз тўплади, фуқаролар 400дан ортиқ фикр қолдиришган.

Мурожаат етарли овоз тўплагандан сўнг тегишли ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Шу сабабли, мурожаат Олий Мажлис палатаси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан ўрганилиб, 19 февралда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари бўйича қўмитасига ўрганиш учун киритилди.

Қўмита томонидан вазиятни ўрганиш мақсадида 8 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибида 4 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, 4 нафар соҳа мутахассислари бор. Кеча ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилди. Бугун ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Божхона қўмитасига сўровнома юборилди. Бунда ушбу ташкилотлардан IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш бўйича статистик маълумотлар, ундан тушадиган маблағлар ҳажми, мобил қурилма техникалари импорти динамикаси таҳлили ўтказилади.

24-28 февраль кунлари масала жойига чиқиб ўрганилади. Бунда рўйхатдан ўтиш марказига борилади. Фойдаланувчилар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилади. Шундан сўнг қўмита томонидан олинган ахборотлар тўпланиб умумий хулоса тайёрланади. 5 март куни эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутатлар томонидан бу масала муҳокама қилинади», дея Ғаниевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид