10:43 / 22.02.2020
0
3162

Январь ойида 4,4 трлн сўм қурилиш ишлари бажарилди - Давстатқўм

Йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 482,1 млрд. сўмни ташкил этди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистонда жами 4,4 трлн сўм қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш сурати 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 7,7 фоизни ташкил этди.

Давстатқўм хабарига кўра, жами қурилиш ишлари ҳажми таркибида йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 482,1 млрд. сўмни ташкил этди. 

Қурилиш ишлари 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 5,5 фоизга кўп бажарилган бўлиб, жами қурилиш ишлари ҳажмидаги улуши 2019 йилнинг мос давридаги кўрсаткич даражасидан 0,3 фоиз пунктга камайиб, 10,8 фоизни ташкил этди.

Йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишларининг жами қурилиш ишлари ҳажмидаги энг кўп улуши Тошкент шаҳар (ҳудуддаги жами қурилиш ишлари ҳажмининг 22,1 фоизи ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,4 фоиз), Навоий (ҳудуддаги жами қурилиш ишлари ҳажмининг 21,2 фоизи ёки 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 37,1 фоиз) ва Бухоро вилоятларига (ҳудуддаги жами қурилиш ишлари ҳажмининг 13,1 фоизи, ёки 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 5,6 фоиз) тўғри келди.

Кичик корхона ва микрофирмалар томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 2020 йил январь ойида қурилиш ишларини бажарган бошқа ташкилотларга нисбатан ошганлиги кузатилди. Улар ҳиссасига жами қурилиш ишлари ҳажмининг 69,2 фоизи тўғри келиб, 2019 йилнинг январь ойи кўрсаткичига нисбатан 1,2 фоиз пунктга кўпайди. Шунингдек, улар ҳиссасига тўғри келган қурилиш ишлари ҳажми 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 9,2 фоизни ташкил этган ҳолда 3,07 трлн сўм миқдорида қайд этилди.

Норасмий сектор ҳиссасига тўғри келган қурилиш ишлари улуши ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 0,9 фоиз пунктга камайиб, 20,0 фоизни ташкил этди ва 887,4 млрд. сўм миқдорида қайд этилди. 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 3,9 фоизни ташкил этди.

Давлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан жами 213,3 млрд. сўм ёки 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 14,5 фоиз қурилиш ишлари бажарилди. Нодавлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан эса 4,2 трлн сўм қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати 7,4 фоизни ташкил этди. Уларнинг республикадаги тутган улуши мос равишда 4,8 фоиз ва 5,2 фоизни ташкил этди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top