Жаҳон | 09:30 / 23.02.2020
9601
3 дақиқада ўқилади

Япония императори 60 ёшини нишонламоқда

Фото: AP Photo/Eugene Hoshiko

2019 йил май ойида тахтга ўтирган Япония императори Нарухито 23 февралда 60 ёшини нишонламоқда. Шу муносабат билан Японияда ушбу кун миллий байрам деб эълон қилинди. Бунгача Нарухитонинг отаси Акихитонинг туғилган куни - 23 декабрь дам олиш куни бўлиб келган.

“Менинг халқни бирлаштирувчи давлат рамзи сифатидаги йўлим эндигина бошланди. Мен давлат рамзи сифатида ўз мажбуриятларимни сидқидилдан бажармоқчиман, одамлар ҳақида қайғуриб, уларни қўллаб-қувватламоқчиман”, деб айтган Нарухито юбилейи арафасидаги матбуот анжуманида.   

Император унинг ота-онаси босиб ўтган йўлни ёдда сақлашини ҳамда уларга ва улар тахтни эгаллаган вақтда қилган ишларига чуқур эҳтиромда эканини таъкидлаб ўтган. 

Японияда узоқ йиллар давомида биринчи марта император таваллуд куни билан боғлиқ оммавий тадбирлар бекор қилинди. Бу қарор янги турдаги коронавируснинг тарқалиши билан боғланган. Айни вақтда Японияда коронавирусга чалиниш бўйича 769 та ҳолат қайд этилган, 3 киши ундан вафот этган.

Одатда, император ўз туғилган кунида оиласи аъзолари билан бирга мамлакат аҳолисини қутлаш учун Токио марказидаги саройнинг зирҳланган махсус болхонасига бир неча марта чиқади. Бундай тадбирларга одатда бир неча ўн минглаб одам йиғилади.  

Охирги марта бундай тадбир 1996 йилда аввалги император Акихито вақтида бекор қилинган. Бунга ўшанда Япониянинг Перу пойтахти Лимадаги элчихонасининг босиб олиниши сабаб бўлган.

“Мен коронавирус тарқалиши иложи борича тезроқ тўхташига умид қиламан”, деб айтган амалдаги император ва касалликдан вафот этганлар оилаларига ҳамдардлик билдирган.

Нарухито ўз нутқида ёзда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ва Паралимпиада мавзусига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг айтишича, 1964 йилда Токиода ўтган аввалги Олимпиада у учун “дунё билан биринчи танишув” бўлган. “Фикримча, бу воқеани ўз кўзим билан кўриш иштиёқи мен учун бутун дунёда тинчлик бўлишига интилишим манбаига айланди”, деб таъкидлаб ўтган император.

Янги император отаси – 85 ёшли Акихито кекса ёши туфайли тахтдан воз кечгандан кейин 2019 йил 1 май куни тахтни эгаллаганди. Нарухитонинг тахтга ўтириши билан боғлиқ расмий маросимлар эса 22 октябрда бўлиб ўтганди. 

Нарухито Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидаги капитуляциясидан кейин туғилган биринчи япон монархи ҳисобланади. У Токиодаги нуфузли Гакусюин университети ва Оксфордни тамомлаган. Император рафиқаси Масако билан бир қиз фарзандга эга.

Мавзуга оид