08:49 / 27.02.2020
2
4343

ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Ўзбекистонга 54 млн доллар ажратди

Вена шаҳрида Ўзбекистон ҳукумати ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси ўртасида битим имзоланди

Фото: Getty Images

2020 йилнинг 25 февраль куни Вена шаҳрида ОПEКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси (OFID) томонидан Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг 22 та аҳоли пунктида ва Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш учун 54 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ҳужжатни элчи Шерзод Асадов ва ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси номидан унинг бош директори Абдулҳамид Алҳалифа имзолади.

Ушбу лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади, бунинг натижасида Наманган вилоятининг 200 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Имзолаш маросимидан сўнг OFID бош директори Жамғарма ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид билдирилди.

1975 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ОПEК Жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатадиган молиявий ривожланиш бўйича ҳукуматлараро институтдир.

1999 йилдан бери ушбу тузилма Ўзбекистонда давлат секторида умумий қиймати қарийб 80 миллион долларга тенг бўлган 7 та лойиҳани амалга оширди, шундан 47,2 миллион доллари ичимлик суви ва санитария соҳасидаги лойиҳаларни имтиёзли кредитлаш учун, 12,73 миллион доллари қишлоқ хўжалигига, 5 миллион доллардан транспорт ва таълимни ривожлантиришга ажратилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top