23:48 / 27.02.2020
0
15762

Хитой янги миллиардерлар сони бўйича АҚШдан 3 карра ўзиб кетди

Hurun тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, бир йил ичида Хитойда миллиардерлар сони 182 нафарга, АҚШда эса 3 карра камроқ – 59 нафарга кўпайган. Энг бой одамларнинг дунё пойтахти ҳамон Пекин бўлиб қолмоқда.

Фото: Depositphotos / VadimVasenin

2019 йилда Хитойда АҚШга нисбатан 3 карра кўпроқ янги миллардер пайдо бўлган. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, Хитойда (Ҳонгконг ва Тайванни ҳам қўшганда) 31 январь ҳолатига кўра, миллиардерлар 182 нафарга кўпайиб, умумий сони 799 нафарни ташкил қилган. 

АҚШда эса ўтган йил ичида 59 нафар янги миллиардер пайдо бўлиб, уларнинг умумий сони 626 нафарга етган.

Тадқиқотга кўра, энг кўп миллиардерлар яшайдиган шаҳар Пекин бўлиб, бу ерда 110 миллиардер бор. Таққослаш учун: Нью-Йоркда 98 нафар, Хитойнинг  яна иккита шаҳри - Шэньчжэнда 75 нафар ва Гуанчжоуда 45 нафар миллиардер яшамоқда.

Маълум қилинишича, янги турдаги коронавирус эпидемияси дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиётига путур етказди, бироқ шу билан бирга Хитойнинг фармацевтика ва онлайн-таълим ҳамда онлайн-ўйинлар соҳаларида фаолият юритувчи компаниялари акциялари нархи ошишига олиб келди. Шунингдек, вирус сабабли ҳаракатланишнинг чекланиши ва карантин туфайли онлайн-хизматларга талаб анча ошган. Бу эса Baidu қидирув тизими асосчиси ва бош директорининг молиявий ҳолатига ижобий таъсир қилган. 

Hurun раиси ва бош таҳлилчиси Руперт Хугеверфнинг таъкидлашича, Хитойда ҳозирда АҚШ ва Ҳиндистонни биргаликда олгандан кўпроқ миллиардер бор. Ҳиндистонда айни вақтда миллиардерлар сони 137 нафарни ташкил қилмоқда.

Hurun томонидан тузилувчи дунёнинг энг бой одамлари рўйхати Hurun Report’га Жефф Безос (140 млрд доллар бойликка эга) етакчилик қилмоқда. 2-ўринни Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялар гуруҳи раҳбари Бернар Арно (107 млрд доллар), 3-ўринни эса Microsoft асосчиси Билл Гейтс (106 млрд доллар) эгалламоқда. Етакчи ўнталикка Хитойнинг бирорта вакили киритилмаган. Энг бадавлат хитойлик ҳисобланган Жек Ма 45 млрд доллар бойлик билан рўйхатнинг 21-ўрнидан жой эгаллаган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top