Тил билишнинг ўзи кифоя: энг яхши бепул онлайн таълим платформалари
Жаҳон бўйлаб таълим олишнинг оммабоп, маблағ таълим этилмайдиган шакллари оммалашиб боряпти. Интернетда турли йўналишларда мустақил равишда онлайн бепул таълим олиш имкониятини берувчи ресурслар талайгина.
Бунинг учун интернет ва тилни билиш кифоя.
Қуйида мустақил онлайн таълим олиш имконини берувчи энг оммабоп бепул платформалар ҳақида маълумот берамиз.
Ҳарвард университети курслари
Нафақат АҚШ, балки бутун дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири ҳисобланган Ҳарвард университети 100дан ортиқ бепул онлайн курсларни тақдим этади.
Махсус порталда веб-дастурлаш, молия, диншунослик, компьютер технологиялари, маданият, тарих, сиёсатшунослик ҳамда бошқа соҳаларга оид маърузаларни топишингиз мумкин.
Бунинг учун рўйхатдан ўтиш кифоя. Алоҳида мавзуларга бўлинган платформа хизматингизга тайёр.
Манзил: online-learning.harvard.edu
Хан академияси
Ҳарвард бизнес мактаби битирувчиси Салмон Хон томонидан нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган Хан академияси (Khan academy) ҳар кимга ҳар ерда юқори сифатли таълим имкониятини тақдим этишни мақсад қилади.
Онлайн академияда математика, тарих, тиббиёт, молия, физика, кимё, биология, астрономия, маданият бўйича 4200дан зиёд микромаърузалар бор.
Мавзулар содда тилда тушунтирилган. Бундан ташқари, ўрганилган мавзу бўйича билимларни текшириш учун вазифалар жамланмаси ҳам тақдим этилади. Ушбу платформа масофавий таълимнинг энг яхши шаклларидан бири, дея эътироф этилади. Маърузалар базаси дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
Хан академияси базаси бир гуруҳ кўнгиллилар томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилинмоқда.
Манзил: khanacademy.org – xanakademiyasi.uz
edX – дунёнинг энг яхши университетларини бирлаштирувчи платформа
edX платформаси дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари − Ҳарвард университети, Стенфорд университети, Бостон универитети, Массачусетс технологиялар институти, Сорбонна университети кабиларнинг онлайн маълумотлар базасини ягона манзилда жамлайди.
Бу ерда аниқ, гуманитар, табиий фанлар, компьютер технологиялари бўйича таълимий видеодарсларни топиш мумкин. Шунингдек, платформада дунёнинг энг кўп сўзлашувчига эга тиллари бўйича ҳам дарслар мавжуд.
Бундан ташқари, фойдаланувчилар дарслар юзасидан ўзаро фикр алмашиш, мунозарага киришишлари учун онлайн форум ҳам ишлайди. Дарслар бепул, курс якунлангандан кейин тўлов асосида сертификат олиш мумкин.
Манзил: edx.org
Физикани содда тилда тушунтирувчи платформа
Украинанинг Ришельевский лицейи ўқитувчиси Павел Виктор физика бўйича чуқурлаштирилган онлайн курс очган.
Курс тингловчилари физика ҳақида содда, тушунарли тилда маълумот олиши мумкин. 470дан зиёд мавзунинг ҳар бири алоҳида видео шаклида тайёрланган.
Манзил: YouTube`даги «РЛ Физика» канали
Онлайн курcларни жамловчи платформа
Class Central деб номланувчи платформада турли йўналишдаги онлайн курсларни топиш мумкин. Платформа интернетга жойлаштириб бориладиган курсларни оммабоплиги, фойдаланишдаги қулайлиги ва сифатига кўра саралаб, рейтингга киритиб боради.
Плафортма рейтингида энг сифатли онлайн курсларни топиш мумкин. Шунингдек, платформада расмий масофавий таълим олиш мумкин бўлган дастурлар хусусида ҳам маълумотлар бор.
Манзил: classcentral.com
Ҳам тил, ҳам фан ўрганиш имконияти
Coursera платформаси 36 млн.дан зиёд фойдаланувчига эга, 3000дан зиёд курсларни жамлайди. Унда гуманитар, аниқ ва табиий фанлар бўйича билимларни комплекс тарзда олиш мумкин.
Ҳар бир мавзу 15 дақиқали видеомаъруза, ўзлаштирилган билимларни мустаҳкамлаш учун тест ва топшириқлардан таркиб топган.
Ҳар бир курс якунида имтиҳон бор, ундан муваффақиятли ўтган фойдаланувчига электрон шаклда сертификат ҳам тақдим этилади.
Мазкур платформанинг афзаллиги шундаки, видеомаърузаларни ўзингизга керакли тилдаги субтитр билан танлаш мумкин. Бу фанни ўрганиш билан бир қаторда, керакли тил бўйича кўникмаларни ҳам мустаҳкамлаш имконини беради.
Манзил: coursera.org
Лекториум
Лекториум рус тилидаги энг катта видеокурслар базаси ҳисобланади. Ушбу платформада турли йўналишдаги 4000дан зиёд видеомаърузани очиқ шаклда топиш мумкин.
Манзил: lektorium.tv
Россиянинг етакчи олийгоҳлари маърузалари ягона базада
Универсариум платформаси дастлаб Россиядаги олий талим муассасаларининг ўзаро маълумот алмашиш майдончаси сифатида ташкил этилган. Кейинчалик унинг оммабоплиги ортиб, барча учун очиқ таълим платформасига айланган. Унда муайян бир ихтисосликдаги фанни чуқур ўрганиш ҳам, маърифий характердаги қўшимча курсларни ҳам топиш мумкин.
Ҳар бир курс мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 7 ҳафтагача давом этади. Видеомаърузалар билан бир қаторда, мустақил ишлаш учун материаллар ҳам тақдим этилади, курсни муваффақиятли якунлаганлар электрон сертификатга эга бўлиши мумкин.
Манзил: universarium.org
Мавзуга оид
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024