Ўзбекистон | 10:09 / 28.02.2020
20510
8 дақиқада ўқилади

Тошкент транспорт университети ташкил этилади

Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: KUN.UZ

Президентнинг “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Транспорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ва Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида Тошкент транспорт университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

Университет транспорт соҳаси учун олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Университет тасарруфи бўйича Транспорт вазирлигига идоравий бўйсунади;

Университет Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультетининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Университет Тошкент шаҳар, Одилхўжаев кўчаси, 1-уйда жойлаштирилади.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

транспорт соҳасининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, халқаро стандартлар ва илғор таълим технологияларини қўллаш асосида олий маълумотли рақобатбардош мутахассислар ва илмий – педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

транспорт соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, соҳанинг илмий муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион изланишлар олиб бориш ва натижаларини амалиётга жорий этиш;

ўқув режаси ва фан дастурларида соҳанинг замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали университет битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;

қўшма таълим дастурлари, илмий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг хорижда малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш ҳамда битирувчиларнинг магистратура, аспирантура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини таъминлаш мақсадида хорижий етакчи олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, тасарруфидаги академик лицей ҳамда профессионал таълим муассасалари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш;

транспорт соҳасидаги ташкилотлар билан биргаликда бакалавриат ва магистратура талабаларининг малакавий ва ишлаб чиқариш амалиётларини тегишли соҳа корхоналарида ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

Университет битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш, уларнинг касбий фаолияти мониторингини тизимли ташкил этиш.

Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда мустақил равишда ўқув режалари ва дастурларни, битирувчиларга қўйиладиган малака талабларини ўқув жараёнининг транспорт соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан узлуксиз алоқаси таъминланишини ҳисобга олган ҳолда мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш бўйича профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек педагог ходимлар томонидан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, «устоз-шогирд» тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;

шартнома асосида Университет фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-аналитик хизматларини кўрсатиш, шунингдек Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда тақдим этилаётган хизматларни самарали амалга ошириш мақсадида илмий-тадқиқотчилик ва инновацион хизматлар тузилмаларини шакллантириш;

бакалавриат, магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим йўналишлари бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;

кадрлар истеъмолчиларининг талабларини инобатга олган ҳолда, ўқув режалардаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига барча турдаги амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш.

Транспорт вазирининг барча ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари, Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари, транспорт тизимидаги барча акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари доимий равишда бир ўқув йилида камида икки маротаба Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун ўз йўналишлари бўйича маъруза ўқишлари тартиби жорий этилади.

Тошкент транспорт университетининг Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланади.

Васийлик кенгашининг асосий устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Университетдаги таълим сифатини таъминлаш жараёнлари устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш, Университетни ривожлантириш ва самарали фаолиятини таъминлаш;

битирувчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш бўйича кадрлар буюртмачилари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш;

таълим ва илм соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва амалга оширишда кўмаклашиш;

олий таълимни ривожлантиришга қаратилган янги шакл ва дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этишни ривожлантириш;

Университет ректорининг ҳар ўқув йили якуни бўйича ҳисоботини муҳокама қилиш ва бошқалар.

Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамда Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтларининг академик лицейлари негизида Тошкент транспорт университети академик лицейи ташкил этилади.

Академик лицей Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Гулистон мавзеси, 21-а уй манзилига жойлаштирилади.

Академик лицейни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилади.

Келгусида меҳнат фаолияти хусусиятлари ва ўқув амалиёти транспорт воситаси ҳаракати ҳамда инсонлар ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ таълим йўналишлари бўйича Университетга ўқишга ҳужжат топширишларидан олдин абитуриент ва талабаларни темир йўл транспорти бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ҳудудлардаги темир йўл поликлиникаларида ташкил этилган ихтисослаштирилган тиббиёт комиссиясида, шунингдек ҳаводаги ҳаракатни бошқариш йўналиши бўйича “Uzbekistan Аirports” акциядорлик жамияти тиббий санитария бўлимининг врачлик-учувчилик эксперт комиссиясида кўрикдан ўтказиш тартиби сақлаб қолинади.

Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

давлат бюджети маблағлари;

ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Молия вазирлиги давлат гранти асосида таҳсил олаётган Университет талабаларини ўқитиш сарф-харажатлари амалдаги тартибда давлат бюджети томонидан молиялаштирилишини таъминлайди.

Университетда бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлар ҳисобидан бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш учун Махсус жамғарма уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 200 фоизигача миқдорида ташкил этилади.

Белгиланишича:

Махсус жамғарма маблағлари штатдаги бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга тариф ставкасининг 200 фоизгача миқдорда ҳар ойлик устамалар белгилашга йўналтирилади;

Махсус жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек, Университет ходимларига ҳар ойлик устамалар белгилаш мезонлари Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланади.

Университет бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга Давлат бюджети ҳисобидан кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча пул тўланади: 3 йилдан 5 йилгача — 0,15; 5 йилдан 10 йилгача — 0,2; 10 йилдан 15 йилгача — 0,3; 15 йилдан ортиқ — 0,4.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид