Жаҳон | 12:12 / 28.02.2020
84463
13 дақиқада ўқилади

Туркия Сурияда катта йўқотишга учради. Тафсилотлар

Суриянинг Идлиб провинциясида берилган ҳаво зарбалари оқибатида Туркиянинг камида 34 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди ва 36 ҳарбий жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакатнинг Сурия билан чегара ҳудудидаги Хатай провинцияси губернатори Раҳми Дўған маълум қилди.

Фото: REUTERS/Khalil Ashawi

27 февраль оқшомида Идлибдаги турк ҳарбийлари Сурия авиацияси ҳужумига учраган. Айни вақтда жароҳатланганлар Туркия жанубидаги шифохоналарга олиб борилган, уларнинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид қилмаяпти. Daily Sabah нашри маълумотига кўра, Туркия қўшинлари Идлиб шарқидаги суриялик ҳарбийларга жавоб зарбалари йўллаган.

Воқеалар ривожи

27 февраль куни Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия мухолифатининг ҳарбий қаноти бўлмиш «Миллий армия» кучлари мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб провинциясида 7 февраль куни ҳукумат армияси томонидан эгаллаб олинган Серакиб шаҳрини жанг билан қайтариб олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Серакиб учун жанглар давом этмоқда / GETTY IMAGES

«Серакиб шаҳри Асад бандасидан тўлиқ тозаланди», деди Миллий озодлик фронти вакили Нажи Мустафо.

«Пайшанба куни бир неча йўналиш бўйлаб ҳаракатланган кучлар Серакибни озод қилишди», деди суриялик мухолиф сиёсатчи Иброҳим Идлибий журналистларга.

Шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Идлибдаги воқеалар Туркия учун ижобий тусда ривожланаётганини маълум қилди.

«Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятидаги воқеалар айни вақтда Туркия фойдасига. Агар Россия бўлмаганида Асад режими аллақачон ўз мавжудлигини йўқотган бўларди», деган у.

Туркия президенти 27 февраль кунги ҳарбий ҳаракатлар вақтида яна уч нафар туркиялик аскар ҳалок бўлганини, лекин Сурия армияси йўқотишлари улкан эканини маълум қилган. У Анқара юз минглаб сурияликлар ўлимига сабабчи бўлган Асад режими билан ҳеч қачон дўстлаша олмаслигини таъкидлаган.

Ўз навбатида Россия ҳарбийлари бу хабарларни рад этиб чиқди.

«Туркиядаги айрим нашрлар Идлибдаги Серакиб шаҳри жангарилар назоратига қайтарилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз. Жангариларнинг уринишлари Сурия ҳукумати ҳарбийлари томонидан муваффақият билан қайтарилди», деди РФ Мудофаа вазирлигидаги манба «Интерфакс» нашрига.

Суриянинг расмий агентлиги «САНА» эса «Серакиб фронтида ҳукумат армияси ва террорчилар ўртасида шафқатсиз тўқнашувлар» бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар тарқатди, бу хабарда шаҳар айни вақтда қайси томон назоратида эканига ойдинлик киритилмади.

«Франс пресс» агентлигининг воқеа жойидан хабар берган мухбири (у қуролланган мухолифатчилар билан шаҳарга келган) бомбаланган ва «арвоҳ шаҳар»га айланган Серакибни аҳоли тарк этаётганини кўргани ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, мухолифат вакиллари шаҳар марказидаги катта ҳудудни назорат қилмоқда, шаҳарнинг чекка ҳудудларида тўқнашувлар давом этмоқда.

Стратегик чорраҳа

Серакиб стратегик ва иқтисодий жиҳатдан ўта муҳим бўлган М4 (Ҳалаб-Латақия-Ҳама) ва М5 (Ҳалаб-Дамашқ) трассалари кесишмасида жойлашган шаҳардир.

Уруш туфайли 7 йилдан буён Дамашқ-Ҳалаб йўли ҳувиллаб қолган / GETTY IMAGES

Аввалроқ декабрь ойининг иккинчи ярмида Россия ва Эрон кўмагида Идлибга кенг кўламли юриш бошлаган Сурия ҳарбийларининг асосий мақсади ушбу трасса устидан узил-кесил назорат ўрнатиш экани маълум қилинганди.

Офиси Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича обсерваторияси маълумотига кўра, россиялик ва эронлик ҳарбийлар кўмагига таянган ҳолда юриш қилаётган ҳукумат қўшинлари сўнгги уч кун давомида Идлибнинг жанубий қисмида ва қўшни Ҳама вилоятида 60дан ортиқ аҳоли пунктини эгаллаган.

7 февраль куни сурияликлар Серакибни эгаллаб олишган ва шундан кейин шаҳарни тинч аҳоли вакиллари бўлган 170 мингдан ортиқ киши тарк этиб, Туркия билан чегаралар томон йўл олган.

Агар мухолифат Серакибни тўла қайтариб олган бўлса бу сўнгги ойлардаги энг муваффақиятли қарши юриш ҳисобланади.

Идлибдаги вазият

Туркия билан чегарадош бўлган Идлиб - Суриядаги мухолифат назоратида қолган сўнгги ҳудуддир. Бу вилоятда Дамашқ режимидан норози бўлган ҳолда мамлакатнинг турли бурчакларидан қочиб келган 3,5 миллион атрофидаги одам бор.

Туркия январь ойидан буён Идлибга кўпроқ ҳарбий кучлар ва техникасини жойлаштирмоқда / GETTY IMAGES

Туркия агар Сурия армияси Идлибни эгалласа, бу ҳудуддаги қочқинлар Туркияга ёпирилиши ва шундоқ ҳам мамлакатни тўлдирган миллионлаб бошқа суриялик қочқинларга қўшилишига шубҳа қилмайди.

2017 йилдаги Туркия ва Россия ўртасидаги Сочи келишувига кўра, Идлиб ҳарбийлардан холи ҳудуд бўлиши кўзда тутилган, буни туркларнинг ҳарбий постлари назорат қилишига келишилган.

Лекин тўқнашувлар тўхтамади. Москва ва Дамашқ бунда мухолифат вакилларини айблади, РФ президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Идлибдаги пистирмаларда ётган террорчилар» ҳақида бот-бот гапирди, расмий Анқара эса Сурия ҳукумати шунчаки бутун мамлакат ҳудуди устидан назорат ўрнатишни истаётганини ҳарбий ҳаракатлар сабаби деб атади.

Туркия Сурия шимолидаги иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун (бу ҳудуддаги турли гуруҳлар ўз вақтида Туркияга ИШИД ва курд отрядларига қарши жангларда катта ёрдам берган) минглаб ҳарбийлари ва ҳарбий техникаларини Идлибга йўллади. Сўнгги икки ойга яқин вақт давомида Сурия армиясининг артиллерия ва авиация ҳужумлари оқибатида 19 нафар туркиялик ҳарбий ҳалок бўлганди.

Туркия Сурия билан очиқ уруш бошланиши муқаррар эканидан огоҳлантириб келди, Россия эса музокаралар воситасида бундай эҳтимолнинг олдини олишга ҳаракат қилиб келди. 

Февраль ойи бошларида навбатдаги қурбонлар берилгач, Туркия президенти ультиматум қўйди: унга кўра Сурия армияси Идлибни тарк этиши керак, акс ҳолда Туркия қўшини уларни бу ҳудуддан улоқтириб ташлайди.

Халқаро кузатувчилар бу кескинлик Идлибда Россия ва Туркия ўртасида тўқнашувга олиб келиши мумкинлигидан хавфсирай бошлашди.

Турк ҳарбийларига навбатдаги зарба ва туркларнинг жавоби

27 февраль куни кечқурун Яқин Шарқдан ваҳимали хабарлар тарқала бошлади. Туркиянинг Сурия билан чегарасидаги вилояти бўлмиш Хатай губернатори Раҳми Дўған «Сурия режими»нинг ҳаводан берган зарбалари оқибатида 34 нафар туркиялик аскар ҳалок бўлгани ва яна 36 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилганини маълумқилди. Сурия ҳукумати ушбу ҳужум бўйича расмий изоҳ бермади.

Туркия Асаднинг Сурия шимолидаги мухолифларини қўллайди / AFP

Ҳодиса вақтида Сурия осмони устида нафақат ҳукумат ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари, балки Россия ҳарбий авиацияси самолётлари ҳам парвозларни амалга оширган.

Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Умар Челик Сурия авиазарбаларини НАТОга ҳужум деб атади ва Идлибдаги воқеадан кейин ташкилот билан маслаҳатлашув ўтказилганини маълум қилди. 

«Биз буни биргина Туркияга эмас, балки жаҳон ҳамжамиятга ҳужум деб баҳолаймиз. Биз тотал муносабатни кутиб қоламиз», деган Челик.

Sabah нашрининг ёзишича, М-5 трассасида ҳаракатланган Туркия ҳарбийлари конвойи ҳужумга учраган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған хавфсизлик масалалари бўйича шошилинч йиғилиш ўтказди. Би-би-си мухбири хабар қилишича, бу йиғилиш олти соатга яқин давом этган. Йиғилишда Сурия қуролли кучлари энди душман нишон сифатида қабул қилиниши эълон қилинган. Шундан сўнг Туркия армияси Идлибдаги Сурия армиясига жавоб зарбаларни амалга оширишга киришди.

Туркия президенти қошидаги коммуникация департаменти раҳбари Фахриддин Олтиннинг маълум қилишича, Идлибда турк ҳарбийлари - ҳам авиация кучлари, ҳам қуруқлик қўшинлари томонидан Сурия армиясининг «барча маълум позициялари» бўйлаб жавоб зарбалари йўлланмоқда.

Туркия армиясининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Сурия билан чегара ҳудудига Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқар бошчилигида юқори мартабали турк ҳарбий амалдорлари йўл олган. У энди Суриядаги ҳарбий амалиётларга шахсан бошчилик қилади.

«Вазир қуруқлик қўшинлари қўмондони ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони билан биргаликда Сурия чегараси томон йўл олди», дейилади Anadolu агентлиги хабарида.

Россия нима демоқда?

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 27 февраль куни «Ҳайъат Таҳририш Шом» гуруҳи Бехун пункти яқинида Сурия армияси позицияларига ҳужум уюштирган. Сурия армияси жавоб зарбалари йўллаган ва бу зарбалар «террорчилар орасида бўлган Туркия ҳарбийларига ҳам теккан».

Лекин Туркия томони бу ҳудудда Туркия армияси бўлинмалари бўлмаганини маълум қилган.

РФ Мудофаа вазирлиги қайд этишича, турк ҳарбийлари ҳужумга учрагани тўғрисидаги маълумотдан кейин Россия томони ўт очилишини тўхтатишни таъминлаш ва жароҳатланган турк ҳарбийларининг Туркия ҳудудига эвакуация қилинишини таъминлаш чораларини кўрган.

«Россия Ҳарбий-космик авиацияси Бехун ҳудудидаги ҳаракатларда иштирок этмаган», дейилади РФ Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Пайшанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Туркияни Идлибдаги вазиятни кескинлаштирмаслик бўйича келишувни бузгани ҳақида маълум қилди. Россиянинг Суриядаги душман томонларни яраштириш маркази раҳбари Олег Журавлёвнинг сўзларига кўра, Анқара «ноқонуний қуролли гуруҳларни артиллерия зарбалари ва учувчисиз учар қурилмаларининг разведка маълумотлари билан қўллаб-қувватлашда давом этмоқда».

19 февраль куни БМТ Хавфсизлик кенгашидаги муҳокамалар вақтида Россия Сурия шимолида гуманитар сулҳ тузиш ҳақидаги чорловларни рад этганди.

Ўтган йилнинг декабридан буён Идлибда миллиондан ортиқ киши бошпанасиз қолган / Reuters

Бельгия ва Германия томонининг қон тўкилишини тўхтатиш зарурлиги тўғрисидаги баёнотига жавобан, Россия махсус вакили Василий Небензя тинчлик ўрнатилиши учун Ғарб давлатлари «жангариларни ҳимоя қилишни тўхтатиши кераклиги»ни айтди. «Террорчиларни сиёсий ҳимоя остига олиш, Сурия ҳукуматини музокараларга мажбурлаш иш бермайди», деди Небензя.

АҚШ ва НАТО реакцияси
«Франс пресс» агентлиги хабарига кўра, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Идлибдаги ҳужумни қоралаб чиққан, у Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан телефон орқали мулоқот ўтказган.

Хабар қилинишича, Столтенберг «Идлибда доимий равишда авиазарбалар йўллаб келаётган Сурия режими ва уни қўллаб келаётган Россияни ҳужумларни тўхтатишга, БМТ томонидан ўрнатилган халқаро ҳуқуқларни ҳурмат қилишга чақирган».

АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили эса шундай деган: «Биз НАТО бўйича иттифоқчимиз Туркияни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда Асад режими, Россия ва Эрон томонидан қўлланаётган турли тузилмаларнинг бу номуносиб ҳужумларини зудлик билан тўхтатишга чақирамиз».

Таҳлил: хавф улкан
Себастиан Ашер, Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири

Сўнгги воқеалар - янги ва хавфли вазият кескинлашишидир. Зиддият Идлибдаги ҳукумат ҳарбийлари ва турк ҳарбийларининг тўғридан-тўғри тўқнашувига айланмоқда.

Икки томонда ҳам сўнгги ҳафталардаги энг улкан йўқотишлар. Аммо бу қадар кўп турк ҳарбийси ҳалок бўлиши жуда хавфли вазият.

Президент Эрдўған Башар Асад кучларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаш билан таҳдид солмоқда, агар суриялик ҳарбийлар яқин икки кун ичида туркларнинг кузатув постлари атрофидан кетмаса икки армия ўртасидаги тўқнашув муқаррар бўлиб қолади.

Ҳозирча амалиёт бошланиб бўлгани ҳақида аниқ белгилар йўқ. Туркия аввалгидек суриялик айирмачиларни қўллаб-қувватлаш учун Сурия шимолидаги ҳарбийлари сонини оширишда давом этмоқда, айни вақтда бу кучлар Идлибдаги стратегик шаҳар устидан тўла назоратни қайтариш учун қарши ҳужум бошлаган.

Бу қарама-қаршилик ортидан минтақада янада йирикроқ зиддият етилиб келмоқда. Туркия ва Россия Сурияда икки душман томонни қўллаб-қувватлайди, аммо сўнгги вақтларда улар ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳга эришиш учун ҳаракат қилиб келишаётганди.

Эндиликда бундай оқилона ёндашув савол остида қолмоқда. Россия авиацияси Сурия армиясини фаоллик билан қўллаб-қувватламоқда. Агар ҳозир Сурия ҳарбийлари Туркия позицияларини очиқчасига ўққа тута бошласа, жуда улкан хавф юзага келади.

Мавзуга оид