Жаҳон | 12:02 / 01.03.2020
8527
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бадавлат одамлари бир ҳафтада 444 млрд доллар йўқотишди

Сайёрамизнинг энг бадавлат 500 одамининг умумий бойлиги охирги ҳафтада 444 млрд долларга камайди. Бу бутун дунё бўйлаб биржа индексларининг пасайиши сабабли юз берди.    

Фото: AFP

Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги ёзмоқда. Таъкидланишича, тадбиркорларнинг бу йўқотишлари уларнинг 2020 йил бошидан бери қўлга киритган даромадларидан кўпроқни ташкил қилган. Энг катта йўқотишларга Amazon раҳбари Жефф Безос учраган, унинг капитали 11,9 млрд долларга камайган.   

Шунингдек, бозорлардаги қулашдан Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва LVMH компаниялари гуруҳи эгаси Бернар Арнога ҳам жиддий зиён етган – улар мос равишда 10 ва 9 млрд доллардан йўқотишган. 

Йўқотишлар катталиги бўйича 4-ўринда Илон Маск жойлашган. Америкалик тадбиркор Tesla компанияси акциялари қадрсизланиши оқибатида 9 млрд доллар йўқотган. Ўз навбатида, таниқли сармоячи Уоррен Баффет 8,8 млрд доллардан маҳрум бўлган. 

Бундан ташқари, Bloomberg антирейтингига Inditex асосчиси Амансио Ортега (6,8 млрд доллар), Facebook раҳбари Марк Цукерберг (6,6 млрд доллар), мексикалик миллиардер Карлос Слим (6,3 млрд доллар), Google асосчилари Ларри Пейж (6,4 млрд) ва Сергей Брин (6,2 млрд доллар) кирган.

Ахборот агентлигининг ёзишича, биржа курсларининг пасайиши дунёнинг энг бой одамларининг 80 фоизига таъсир кўрсатган. Мутахассислар бундай салбий кўрсаткичларни коронавирус эпидемияси ва Хитойда бу вазият сабабли иқтисодий пасайиш кузатилиши мумкинлиги хавотири билан боғлашмоқда.

Шунингдек, эпидемия бортида коронавирусдан 5 киши вафот этган Diamond Princess круиз лайнерига эгалик қилувчи Carnival Corp. компанияси раҳбари Мик Арисонга тўғридан-тўғри таъсир қилган. Охирги ҳафтанинг ўзида бизнесмен 1 млрд доллар йўқотди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид