09:44 / 03.03.2020
0
14688

Миллий гвардия институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тасдиқланди

Номзодлар институтга ўқишга президент томонидан тасдиқланган Бутлаш режасига мувофиқ Миллий гвардия қўмондонининг институтга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан қабул қилинади

Фото: Norma.uz

Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлигининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, номзодлар Институтга ўқишга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Бутлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг Институтга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан қабул қилинади.

Институт курсантлари контингентини сифатли бутлаш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ҳарбий-профессионал йўналиш;
дастлабки танлаш;
ҳарбий-профессионал танлаш;
тест синовлари.

Номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Номзодлар ва уларнинг ота-оналари Ҳарбий хизматчиларни олий ҳарбий таълим муассасалари ва сержантларни тайёрлаш мактабларида ўқитишга сарфланган бюджет маблағларини давлатга ундириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ҳамда ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан моддий масъуллиги тўғрисида мувофиқ шаклда ёзма равишда огоҳлантирилади.

Миллий гвардия томонидан ҳар йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига келгуси йил учун Институтга қабул қилинувчи номзодлар сони тўғрисида маълумот тақдим қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан мудофаа ишлари бошқармаларига Институтга номзодларни дастлабки танлаш тадбирларини ўтказиш ҳақида топшириқ берилади.

Институтга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш ҳамда ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш мақсадида Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан Институт қабул комиссияси тузилади.

Қабул комиссияси таркиби Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан Миллий гвардиянинг тегишли соҳавий хизматчилари ва Институт ходимлари орасидан шакллантирилади. Қабул комиссияси ишига келишув асосида вазирлик ва идоралар мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

Институтнинг бошлиғи қабул комиссияси раиси ҳисобланади. Қабул комиссияси раиси комиссиянинг ишини ташкиллаштириш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун масъул ҳисобланади.

Қабул комиссияси ҳар йили 10 мартдан 1 сентябрга қадар фаолият юритади.

Фуқаролар ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга мувофиқ шаклдаги ариза билан, ҳарбий хизматчилар ўз хизмат ўташ жойига мазкур мувофиқ шаклдаги билдирги билан мурожаат қилади.

Қабул қилинган аризалар (билдиргилар) асосида мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) 1 февралдан 1 апрелга қадар қабул қилинади.

Номзодлар томонидан ариза (билдирги) билан бирга мудофаа ишлари бўйича бўлимларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

чақирилувчининг чақирув участкасида қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

номзод томонидан қўлда ёки компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

номзод тўғрисидаги маълумотлар анкетаси;

ўқиш ёки иш ёхуд хизмат ўташ жойидан тавсифнома (агар ўқиётган ёки ишлаётган ёхуд хизматни ўтаётган бўлса);

ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишлаётган бўлса);

Институтда ўқишга ота-онасининг розилик хати;

маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар (ўрта махсус профессионал) ҳужжатлар ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;

Институтга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та рангли фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 4,5 х 6 см ўлчамдаги 4 та рангли фотосурат (бош кийимсиз);

давлат сири бўлган маълумотлар билан ишлашга рухсатномани расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар (махфий маълумотлар билан ишлаш учун белгиланган шаклдаги рухсатномага эга номзодлардан талаб этилмайди).

Ҳарбий хизматчи номзодлар томонидан ўз хизмат ўташ жойига назарда тутилган ҳужжатлар билан бирга қўшимча равишда Институтга ўқишга киришга тавсия этувчи ҳужжатлар (муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга - ҳарбий бўлинманинг йиғилиши баённомасидан кўчирма, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга эса - ҳарбий қисмнинг аттестация комиссияси йиғилиш баённомасидан кўчирма) тақдим этилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top