10:42 / 04.03.2020
0
4666

Франкфурт автосалони 70 йилдан кейин ўз ўтказилиш жойини ўзгартирди

Фото: Андрей Полухин / РГ

Германиянинг Франкфурт шаҳрида 70 йилдан бери ўтказиб келинган йирик халқаро автосалон 2021 йилда Мюнхенда ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Германия автосаноатчилари уюшмаси VDA маълум қилди. 

Мюнхен билан бирга кўргазмани ўтказиш ҳуқуқи учун Берлин ва Гамбург ҳам курашган. Бавария пойтахтида ривожланган транспорт инфратузилмаси, йирик тадбирларни ўтказиш тажрибаси ва автосалон ўтказилиши мумкин бўлган жозибадор жойларнинг борлиги унинг фойдасига ишлаган.

Шунингдек, автосалоннинг ўтказилиши формати кўпроқ иштирокчиларни жалб қилиш учун тубдан ўзгариши кутилмоқда. 

Франкфурт автосалони 1951 йилдан бошлаб ҳар тоқ йили ўтказиб келинган. Охирги кўргазма 2019 йилда экологик фаолларнинг норозиликлари ортида, тор залларда ва йирик автобрендлар иштирокисиз ўтган. Ўшандаёқ кўргазмани тубдан ўзгартириш кераклиги аён бўлган. Муваффақиятсиз кечган автосалон давомида VDA президенти Бернхард Маттес истеъфога чиққан. Шаҳар мэри Питер Фельдманн эса кўргазма очилишига таклифни беэътибор қолдирган.

Сўз ўрнида, куни кеча Женевада автосалонларни ўтказишнинг янги эҳтимолий формати намойиш қилинди. Коронавирус эпидемияси сабабли Европанинг энг муҳим автосалонларидан бири бекор қилингач, у онлайн форматга ўтди. Кўплаб автомобил компаниялари янги моделларининг виртуал тақдимотини ўтказди ва бу амалиёт келгусида ҳам талабга эга бўлиши мумкин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top