Жаҳон | 01:32 / 05.03.2020
82051
2 дақиқада ўқилади

Туркия парламентида оммавий муштлашув юз берди (видео) 

Туркия парламентида президент Ражаб Тоййиб Эрдўған номига айтилган сўзлар сабабли оммавий муштлашув юз берди.

Фото: Depo Photos/Keystone Press Agency/Global Look Press

Муштлашув Эрдўған етакчилик қилувчи Адолат ва тараққиёт партияси ва мухолиф Республика халқ партияси вакиллари ўртасида содир бўлган. Бу ҳақда Milliyet нашри хабар берди. 

Эрдўған партияси вакилларини асосий мухолиф партиянинг парламентдаги фракцияси етакчиси Энгин Ўзкўчнинг сўзлари аччиқлантирган.

Ўзкўч Эрдўғанни Суриядаги сиёсати учун танқид қилган. Шундан кейин икки партия депутатлари ўртасида ўзаро муштлашув бошланиб кетган.

Воқеа Ўзкўч Эрдўғаннинг Республика халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлуга қўяётган айбловларига жавоб бераётганида юз берган. Туркия президенти Қиличдорўғлуни Идлибдаги вазият кескинлашгани ортида Сурия президенти Башар Асад билан музокараларни бошлаш таклифи учун “сотқин” деб атаган. Ўзкўч ўз навбатида Эрдўғанни ҳалок бўлган турк ҳарбийлари ҳақида гапирганда “калла” (туркчада ўлик одамнинг қўпол аталиши) сўзини қўллаганликда ҳамда сотқинликда айблаган.  

Анқара бош прокуратураси “президентни ҳақоратлагани” учун Ўзкўчга нисбатан иш очган.

Ўз навбатида мухолиф партия етакчиси Камол Қиличдорўғлу партия аъзоларининг йиғилишидаги нутқида Сурияда ўнлаб турк ҳарбийлари ҳалок бўлган бир пайтда Эрдўған Путин билан учрашув ўтказишини кескин танқид қилган. Унинг фикрича, айнан Эрдўған Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазиятни эплай олмаган.  

“Менинг аскарларимга ўқ отувчи ҳар ким менинг душманимдир. Нима учун мен бошқа президент ёнига бориб, унинг оёғларига йиқилишим керак? Сиз эса саросима ҳолатида Путиннинг ёнига чопмоқдасиз”, деб айтган Қиличдорўғлу.

У Эрдўғандан 5 март кунидаги учрашувда россиялик ҳамкасбидан Россия Туркия билан ҳарбий ҳамкорлик қилаётганига қарамай, қандай қилиб турк ҳарбийлари позицияларига ҳужум қилинишига йўл қўяётгани ҳақида сўрашни талаб қилган.

Мавзуга оид