Жаҳон | 14:00 / 10.03.2020
102203
14 дақиқада ўқилади

Италия тўлиқ ёпилди, Хитой вирусни чекинтирди. Коронавирус бўйича сўнгги маълумотлар

Италияда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган шошилинч чоралар энди бутун мамлакатга тааллуқли бўлади.

Италия бош вазири Жузеппе Конте карантин чораларини бутун мамлакат бўйлаб қўллаш, жумладан, оммавий тадбирларни бекор қилиш, бутун мамлакатдаги мактабларни ёпиш тўғрисида фармойиш берди. Бунгача карантин фақат шимолдаги вилоятларга жорий этилганди.

Эндиликда Италияда барча спорт мусобақалари, шу жумладан футбол бўйича А Серия баҳслари ҳам тўхтатиб қўйилди.

«Энди вақт йўқ. Рақамлар касаллик юқтириб олганлар сони ошиб кетганини кўрсатиб турибди, ўлимлар сони кўпайди. Биз бутун Италия учун бирор нимани қурбонлик қилишга мажбурмиз. Мана нима учун бундай оғир чоралар кўрмоқдамиз. А Серия ва барча спорт мусобақалари вақтинча тўхтатилади. Мухлислар буни қабул қилиши керак», деди бош вазир.

«Қабул қилинган қонунни «Мен уйда ўтираман», дея тушунтирган бўлардим», дея қўшимча қилган ҳукумат раҳбари.

Бу вақтда Италиядаги 27та қамоқхонадаги маҳбуслар коронавирус тарқалишига қарши қўлланган янги чекловлар туфайли исён кўтаришди. 

Неаполь шаҳридаги қамоқхона томида маҳбуслар коронавирус туфайли норозилик акцияси ўтказмоқда
Фото: Shutterstock

Тартибсизликлар мамлакат шимолидаги Модена шаҳрида бошланди. У ердаги Санта-Анна қамоқхонасида уч маҳбус ҳалок бўлган, яна уч киши шифохонага олиб борилганида вафот этган. Хабар қилинишича, уларнинг камида икки нафари қамоқхона лазеретидан ўғирланган метадон (героиннинг муқобили) дозировкаси туфайли жон берган.

EPA

Миландаги Сан-Витторе қамоқхонасида маҳбуслар корпуслардан бирига ўт қўйиб юборишган, кейин қамоқхона томига чиқиб олишган - улар инфекция туфайли ҳукумат маҳбусларнинг қамоқхонага келишини чеклаганига норозилик билдиришган.

Мамлакат жанубидаги Фоджа шаҳридаги қамоқхонадаги тартибсизликлар вақтида 20 киши қочиб кетган, аммо уларнинг аксари тез орада қўлга олинган. Шунингдек, Неапол ва Римдаги қамоқхоналарда ҳам исёнлар бўлиб ўтган.

  • Италияда айни вақтда коронавирусдан зарарланганлар сони 9172 нафарни ташкил этмоқда, вирус қурбонлари сони 463 нафар. 724 киши соғайган.

Исроил эса мамлакатга келувчиларнинг барчасини 14 кунлик карантинга жойлаштирмоқда. Бу ҳақда эълон қилган бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, бундай қоидалар Исроилнинг барча фуқароларига, шунингдек, хорижда яшаётган 268 мингдан ортиқ исроилликларга ҳам тааллуқли бўлади.

«Оғир муҳокамалардан кейин Исроилга келаётган барчани карантинга жойлаштириш бўйича қарор қабул қилдик. Бу жуда оғир қарор, аммо фуқароларимиз соғлиги биз учун муҳим. Бу бизнинг устувор вазифамиз», деди Нетаньяху.

Ҳукумат қарорига кўра, хориждан келаётган Исроил фуқаролари 10 мартдан карантинга жойлаштирилиши керак, қолган мамлакат фуқароларига эса ушбу янгилик 72 соатдан сўнг тааллуқли бўлади. Бу қарор Исроилда коронавирус билан касалланганлар сони 42 кишига етганидан сўнг қабул қилинган. Орадан бир неча соат ўтгач, мамлакатда касалликка чалинган яна 8 киши аниқланган.

АҚШда нималар бўлмоқда?

Беш кундан буён Калифорния қирғоқлари яқинида карантинда турган «Grand Princess» круиз лайнерига портга киришга рухсат берилди - бу кема йўловчиларидан бири, 71 ёшли эркак ўлимига коронавирус сабаб бўлгани аниқланганидан кейин кема карантинга олинганди.

Айни вақтда кемада дунёнинг 54 мамлакатига мансуб бўлган 3,5 минг киши бор. Экипажнинг 19 аъзосида ва икки йўловчида касаллик аниқланган.

«Grand Princess» Окленд портига киргач, йўловчилар қирғоққа туширила бошланди; сешанба куни лайнердан эвакуация жараёни якунланиши кутилмоқда. Тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этилган йўловчилар шифохонага олиб борилади, АҚШ фуқароларининг барчаси, уларда касаллик белгилари аниқланмаган бўлсада, Калифорния, Техас ва Жоржиядаги ҳарбий базаларга 14 кунлик карантинга юборилади.

Юзлаб хорижликлар эса ўз ватанларига қайтиши мумкин.

Хабарларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп билан кўришган икки республикачи конгрессмен айни вақтда ўзини иҳоталаган. Жоржия штатидан бўлган конгрессмен Дуг Коллинз жума куни Трамп билан қўл бериб сўрашганди, флоридалик конгрессмен Мэтт Гетц эса душанба куни у билан бир самолётда учган. Айни вақтда икки сиёсатчи ўзини изоляция қилгани ҳақида айтган - улар аввалроқ кўришган одамларда коронавирус аниқланган.

Оқ уй баёнотига кўра, Трамп коронавирусни аниқлаш тестини топширмайди, бу «президент Covid-19’га чалинган бирор бемор билан алоқада бўлмагани» билан изоҳланган. Президент маъмурияти Трампнинг «соғлиги аъло даражада» эканини қайд этган.

Бундан ташқари, Нью-Йорк ва Нью-Жерси порт бошқармалари ижрочи директори Рик Коттонга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Бу ҳақда душанба куни Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо маълум қилди.

Рик Коттон ўзини яхши ҳис қилаётганини маълум қилган / GETTY IMAGES

70 ёшли Рик Коттон New York Times нашрига берган интервьюсида ундан олинган таҳлил намуналари ижобий чиққанини тасдиқлаган, шу билан биргаликда ўзини жуда яхши ҳис қилаётгани, ўзида ҳеч қандай касаллик белгилари сезилмаётганини таъкидлаган. «Мен ўз уйимда карантинда бўламан», - деган ушбу амалдор.

Портлар бошқармаси таркибига портлардан ташқари, ушбу штатдаги йирик аэропортлар, кўприклар, туннеллар ва автобус вокзаллари ҳам киради.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 708 ҳолат тасдиқланган, 27 киши ҳалок бўлган, 15 киши тузалган.

Британиядаги вазият

Британия ҳозирча коронавирус тарқалишининг «олдини олиш фазаси»да турибди, аммо вирус тарқалишини узоқ вақт давомида тўхтатиб туришнинг имкони йўқ - ҳукумат кейинги босқичга тайёргарлик кўрмоқда. Душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида мамлакат бош вазири Борис Жонсон олдиндаги вазифа коронавирусни «ёзгача, яъни бошқа респиратор касалликлар камаядиган давргача ушлаб туриш» эканини айтди.

Англиянинг бош санитари, профессор Крис Уитти яқин вақтлар ичида ҳукумат вируснинг тарқалишини олдини олиш бўйича умумий тавсияларга ўзгартириш киритиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унга кўра, ҳар қандай шамоллаш белгилари 7 кунлик изоляцияга сабаб бўлиши кўзда тутилади.

Душанба куни ҳукуматнинг СOBRA йиғилишида келгусида оммавий тадбирларни бутунлай бекор қилиш масаласи кўриб чиқилди, шунингдек, мактаблар ёпилиши ва барча ташкилотларда уйдан ишлашга ўтилиши мумкин.

Британиялик амалдорлар спорт ташкилотлари расмийлари билан ҳам учрашишган - йирик турнирлар трансляция қилиниши режими ўзгариши мумкин; британ супермаркетлари тармоқлари раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказилди - талаб кўп бўлган маҳсулотлар (сўнгги вақтларда дезинфекция геллари, ҳожатхона қоғозлари, макарон ва ёрма маҳсулотлари танқислиги кузатилмоқда)ни етказиб бериш масалалари муҳокама қилинган.

Британиядаги айрим супермаркетларда маълум маҳсулотларга чеклов ўрнатилган - керагидан ортиғини сотиб олиб бўлмайди.

Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази эксперти Сержио Брусан Би-би-си учун берган интервьюсида Британия ҳозирда икки ҳафта олдинги Италия ҳолатида эканини қайд этган ва ҳукуматда коронавирус кенг миқёсда тарқалиб кетишининг олдини олиш учун бир неча кун вақт қолганини таъкидлаган.

Эдинбургда Олти миллат кубоги ўйини вақтида стадиондаги томошабинлар / Reuters

Маданият, ОАВ ва спорт ишлари вазири Оливер Доуден Би-би-си мухбири билан суҳбатда, у бош вазир билан биргаликда якшанба куни регби бўйича Олти миллат кубоги доирасидаги Англия ва Уэльс ўртасидаги ўйинни стадионда туриб кузатгани ҳақида гапирган ва айни вақтдаги тиббий тавсияларга кўра спорт мусобақаларини бекор қилишга сабаб йўқлигини маълум қилган.

Лекин айни вақтда спорт федерациялари келгусида мусобақаларни томошабинларсиз ўтказиш масаласини кўриб чиқишмоқда.

  • 10 март ҳолатига кўра, Бирлашган Қиролликда коронавирусга чалинган 321 бемор қайд этилган, 5 киши вафот этган, 18 киши тузалган.

Хитой раҳбари Уҳанда

Сўнгги маълумотларига кўра, Хитойда вирус тарқалиши сезиларли даражада пасайган - 9 март куни 22 ҳолат қайд этилди - жами 80 757. Бир кунда 17та ўлим ҳолати рўй берди - жами 3136 киши.

Хитой ҳукумати қаторасига иккинчи кундирки Хубэй провинциясидан ташқарида вирусга чалиниш ҳолатлари ҳам, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмаганини маълум қилди.

Бу Хитой ҳукуматининг вируснинг олдини олишга қаратилган чоралари самарасидир, аммо ҳозирча ҳукумат қатор карантин чораларини бекор қилгани йўқ.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 10 март куни маҳаллий ҳокимият органлари томонидан COVID-19 эпидемияси билан курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни текшириш учун коронавирус ўчоғи ҳисобланган Уҳан шаҳрига келди. Бу унинг вирус эпидемияси бошланганидан буён илк марта Пекиндан ташқарига чиқиши бўлди. Сафар давомида у вирусга қарши курашаётган тиббий хизматчилар, ҳарбий хизматчилар, расмийлар, кўнгиллилар, шунингдек, ҳудуд аҳолиси ва беморлар билан учрашмоқда.

Бу вақтда ҳукумат тез орада ҳудудлараро ҳаракатланишга рухсат бериши ҳақидаги хабарлар тарқалган. Лекин фуқароларнинг ҳаракати кузатув остида бўлиши мумкин.

Жаҳон бўйича сўнгги маълумотлар
10 март тонгидаги маълумотларга кўра, бутун дунёда 114 мамлакатда вирус аниқланган - 114 515 кишида вирус юқиши ҳолати тасдиқланган, ўлим ҳолатлари 4027та. 64 280 киши тузалиб кетган.

Россияда 9 март куни яна уч ҳолат қайд этилди - Москва, Калининград ва Белгород областларида. Айни вақтда мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 20 нафарни ташкил этмоқда.

Москва соғлиқни сақлаш департаменти сайтида маълум қилинишича, коронавирус тарқалган мамлакатлардан келганлар изоляция тартибини бузадиган бўлса 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Жанубий Кореяда ҳам сўнгги икки ҳафта ичида илк марта вирусдан зарарланиш ва ўлим ҳолатлари пасая бошлади (сўнгги бир кунда 35 кишида вирус аниқланди ва беморлар сони 7513 кишига етди, бир ўлим ҳолати қайд этилди - жами 54 ўлим).

Эронда вирус қурбонлари сони бўйича ХХР ва Италиядан кейинги учинчи ўринда жойлашган - 9 март маълумотларига кўра 237 ўлим ва 7161 бемор. 10 март маълумотларига кўра бу рақамлар ўсиши кутилмоқда. Шу билан биргаликда, ҳақиқий маълумотлар расмий статистикадагидан юқорироқ бўлиши мумкин.

Францияда коронавирус маҳаллий парламент депутатлари орасида тарқала бошлади, айни вақтда Миллий Ассамблеянинг 4 нафар аъзоси касалликка чалинган.

Душанба кунги маълумотларга кўра, Францияда жами 1421 киши вирус юқтирган, 30 киши вирус қурбони бўлган. Франция Европада вирусдан зарарланиш бўйича Италиядан кейинги иккинчи ўринда. Кейинги ўринларда Испания (1231 ҳолат ва 30 ўлим) ҳамда Германия (1224 ҳолат ва 2 ўлим) жойлашган.

Француз ҳукумати мингдан ортиқ одам қатнашиши кўзда тутилган оммавий тадбирларни бекор қилган.

Италиянинг кекса ёшли аҳолиси хавф остида
Душанба куни Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Италия шимолидан қайтаётганларнинг барчасини 14 кунлик карантин ҳолатига жўнатди - уларда шамоллаш ёки касалликнинг бошқа белгилари бўлишидан қатъи назар.

Британия ТИВ Италияга бормасликни тавсия қилмоқда.

Шу билан биргаликда, Италиядаги британияликлар мамлакатдан чиқишига чеклов йўқ, аммо айрим авиакомпаниялар бу мамлакатга рейсларни бекор қилмоқда.

Италия коронавирусдан жабрланиш бўйича айни вақтда Хитойдан кейинги иккинчи ўринда турибди: 9172 кишида вирус аниқланган, қурбонлар сони 463 нафарга етган.

Касалланганлар сони бўйича Италия Жанубий Кореяни ортда қолдирди - Кореядаги расмий маълумотларга кўра 7513 кишида вирус борлиги тасдиқланган, 54 киши вафот этган.

Италия аҳолисининг 23 фоизини 65 ёшдан ошганлар ташкил этади; уларнинг кўпчилиги сурункали касалликка чалинган ва бу уларни коронавирус қаршисида ожиз қолдирмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра Италия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Сальваторе Фаринада коронавирус аниқланган. У ҳозирда изоляцияда сақланмоқда ва ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Италия соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан ўлим даражаси кўрсаткичларини маълум қилди, унга кўра асосан 81 ёшдан катталар вирус қурбонига айланмоқда.

  • 14,3 фоиз - 90 ёшдан ошиқ
  • 8,2 фоиз -  80-89 ёшлар
  • 4 фоиз - 70-79 ёшлар
  • 1,4 фоиз - 60-69 ёшлар
  • 0,1 фоиз - 50-59 ёшлар
  • 0 фоиз - 50-59 ёшлар

Британия ҳукумати интернетдаги дезинформацияга қарши кураш учун махсус бўлим ташкил этган - айни вақтда коронавирус ҳақида турли асоссиз хабарлар кўпайган.

Ҳукумат сайти Британияда аввалги эпидемиялардаги ўлим кўрсаткичлари бўйича маълумотларни келтирган:

  • Ҳонгконг гриппи 1968-69 йилларда 0,2-0,4 фоизлик ўлим кўрсаткичи қайд этган: 80 минг ўлим.
  • Чўчқа гриппи 2009-10 йилларда 0,025 фоизлик ўлим кўрсаткичи қайд этган: 457 ўлим
  • Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS) 2012 йилда 0 фоиз: 0 ўлим
  • Атипик пневмония (SARS) 2003-03 йилларда 0 фоиз: 0 ўлим
  • Британияда 1989-90 йилларда мавсумий грипп эпидемияси: Англия ва Уэльсда жами 26000 ўлим ҳолати.

Мавзуга оид