Жаҳон | 10:45 / 09.11.2024
1895
2 дақиқада ўқилади

Ливан: Исроилнинг UNIFIL ва Ливан армияси ҳарбийларига ҳужумлари уруш жиноятлари ҳисобланади

Ливан Ташқи ишлар вазирлиги яқинда Сайда шаҳрида уч кишининг ҳалок бўлишига ва етти кишининг, жумладан, уч Ливан аскари ва тўрт UNIFIL аскарининг яраланишига сабаб бўлган ҳужумни қоралади.

Фото: picture-alliance

Ливан Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ливан қуролли кучлари ҳарбийлари ва тинч аҳолига, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат тинчликпарвар кучларига (UNIFIL) қарши давом этаётган ҳужумларини қоралади.

Идоранинг таъкидлашича, Исроилнинг бундай ҳаракатлари уруш жинояти ва халқаро гуманитар ҳуқуқни очиқдан очиқ бузиш ҳисобланади.

Вазирликнинг ёзма баёнотида Сайда шаҳрида яқинда содир бўлган, 3 кишининг ўлимига, 3 нафар Ливан аскари ва 4 UNIFIL аскарининг яраланишига сабаб бўлган автомобилга ҳужум қораланди.

Хабар қилинишича, ҳужум Сайда шимолида, Эвелли ҳарбий назорат пункти яқинида содир этилган. Ҳужум оқибатида уч тинч фуқаро ҳалок бўлди, ҳарбийлар ва тинчликпарвар кучлар яраланди. Ушбу назорат пункти орқали ўтаётган автомобилларга ҳам зарар етган.

Бу Исроилнинг UNIFIL аскарларига биринчи ҳужуми эмас. Исроил бундан олдин тинчликпарвар кучлар позицияларига бир неча бор ҳужум қилган ва бу Ливан ва халқаро ҳамжамият томонидан қораланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид