Жаҳон | 08:02 / 10.03.2020
8109
2 дақиқада ўқилади

Италияда бутун мамлакат бўйлаб ҳаракатланишга чеклов киритилди

Италия бош вазири Жузеппе Конте мамлакатида коронавирус эпидемияси авж олаётгани сабабли бутун Италия бўйлаб аҳолининг ҳаракатланишига қатъий чекловлар киритишга қарор қилди. 

Фото: AP Photo/Antonio Calanni

“Энди фақат битта “қизил ҳудуд” бўлмайди. Чекловлар энди бутун Италияга тааллуқли бўлади”, деб айтган бош вазир. Бунгача ҳаракатланишга чекловлар Ломбардия мухтор вилояти ва бир қатор шимолий вилоятлар учун амал қилаётганди.  

“Мен уйда қоламан” деб номланган янги чоралар 10 март кунидан кучга киради. Италиядаги мактаблар ва университетлар 3 апрелгача ишламайди, мамлакат бўйлаб иш, даволаниш ёки ортга суриш мумкин бўлмаган жиддий сабаблар юзага келгандагина ҳаракатланишга рухсат берилади.

Жамоат транспорти италияликлар ишларига муаммосиз етиб олишлари учун одатдагидек ишлайди.

Шунингдек, спорт тадбирлари ўтказилишига чеклов киритилади. Бу Италия А серияси ўйинлари ҳам тўхтатилишини англатади. Чекловлар ҳаваскорлик спорти учун ҳам тааллуқли бўлади. Жумладан, фитнес-марказларини ҳам вақтинча ёпишга қарор қилинган. 

“Статистика оғир касаллар ва афсуски, вафот этаётганлар сони кўпаяётганини кўрсатмоқда. Биз шу сабабли одатларимизни ўзгартиришимиз керак бўлади. Ҳар бир одам Италияга бундай вақтда ёрдам бериш учун нимадандир воз кечишига тўғри келади”, деб айтган Италия бош вазири. 

Италияликларнинг хорижга чиқишига чеклов киритилмайди. Бироқ Италияга кираётганлар коронавирус бор-йўқлигига текширилади.

Охирги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 114 мингдан ошиб кетди. 4027 та ҳолатда ўлим қайд этилган. Жумладан, Италияда касаллар сони 9172 нафарга, вафот этганлар сони 463 нафарга етди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид