Иқтисодиёт | 09:58 / 10.03.2020
43478
5 дақиқада ўқилади

Нефть нархи ва рубль курсининг қулаши Ўзбекистон сўмига таъсир қиладими?

ФБК Grant Thornton компаниясининг стратегик таҳлил институти директори Игорь Николаев нефть нархининг қулаши ва унинг оқибатлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: KUN.UZ

9 март куни дунё бозорларида қулаш юз берди. Биржаларда савдо очилиши билан нефтнинг нархи 30 фоизга тушиб кетди. Россия рубли эса 10 фоизга қадрсизланди. Америка биржаларидаги савдо 7 фоизга пасайгач, зудлик билан савдо тўхтатилди.

Нефть нархи ва рубль курсининг қулаши Марказий Осиё давлатларига ҳам таъсир қилди. Бир ой олдин доллар 376 Қозоғистон тенгесига тенг эди. Энди эса унинг қиймати 400 тенгега кўтарилди. Қирғизистон ва Ўзбекистон сўми нисбатан барқарор бўлиб турибди. Аммо экспертлар бу валюталарнинг худди 2015 йилда юз берган глобал молиявий инқироз пайтидаги каби пастга қулашидан хавотир олишмоқда.

Россия рублининг қулаши ва нефть нархининг пасайиши Марказий Осиё давлатлари валютасига қандай таъсир қилади? «Настоящее Время» нашри бу ҳақда ФБК Grant Thornton компаниясининг стратегик таҳлил институти директори Игорь Николаевдан сўради. ​

— Нега рубль қулади ва бундай тенденция қачонгача кузатилади?

 — Россия иқтисодиёти хомашёга асосланган, демак, рублнинг курси ҳам нефть нархига боғлиқ. Шу туфайли, нефть нархи пасайса, рубль ҳам қулайди. Афсуски, бу ердаги боғлиқлик жуда мустаҳкам. Нефть арзонлашганда, рубль ҳам қадрсизланди.

— Қозоғистонда тенге қадрсизланди, валюта айрибошлаш шоҳобчаларида доллар тугади. Аммо Қирғизистонда сўм барқарор турибди. Россия рублининг қулаши ва нефть нархининг пасайиши Марказий Осиё давлатларига (Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон) қандай таъсир қилади?

— Тенгенинг қулаши Россиядаги вазиятга эмас, балки нефть нархига боғлиқ. Чунки Қозоғистон иқтисодиёти ҳам хомашёга асосланган, у ерда нефть кўп қазиб олинади. Шу туфайли, нефть нархи пасайса, тенге ҳам қулайди.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари валютаси нефть нархига нисбатан камроқ боғланган. Бу бозорларда юз бераётган воқеалар шуни кўрсатмоқда. Аммо бу давлатларнинг бозорлари ва валюталари қуламайди, ҳукуматлари хотиржам бўлиши мумкин дегани эмас. Чунки дунё бозорлари қулаган даврларда ривожланаётган иқтисодиётлар ва уларнинг валюталари ҳам зарба остида бўлади.

Ҳамма нарса қулаётган пайтда инвесторлар хатарли валюталар ва активлардан воз кечиш пайига тушадилар. Шунинг учун ҳам бундай босимни хомашё валюталари – рубль ва тенге ўзида кўпроқ ҳис қилади. Аммо Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиёти Қозоғистон ва Россияники билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳисобга оладиган бўлсак, улар ҳам зарбага учрайди. Шу туфайли, бу давлатлар валюталарининг келажакда кучсизланиши – катта эҳтимол билан юз берадиган воқеа.

— Россиянинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва молиявий вазиятга таъсири қандай? Агар Россияда инқироз юз берса, у Марказий Осиёга ҳам етиб борадими? Ёки бу ҳудудда инқироз бўлмайдими?

— Олдинги инқирозларда юз берган воқеаларни эслаш мумкин. Россиядаги бўҳрон албатта Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётида аксини топади. Улар Россия билан чамбарчас боғлиқ. Россия бу мамлакатларнинг савдо айланмасида катта улушга эга.

Марказий Осиё давлатлари валютасига фақат Россиядаги воқеалар таъсир қилиб қолмайди. Умуман олганда инқироз дунё миқёсида бошланди. Энди мўъжиза юз бериб, кимнидир бу инқироздан талафотсиз чиқишини кутиш қийин. Шунчаки, энди бу инқироздан қайси мамлакатлар кўпроқ, қайсилари камроқ зарар кўриши ҳақида гапириш мумкин.

— ЕОИИ валюта бозорларида қисқа ва узоқ муддатли истиқболда воқеалар ривожи қандай бўлишига башорат берсангиз.

— Башорат бериш – вақтни бекор ўтказишдир. Менимча, 9 март куни кузатганимиздек, пастки даражаларда сакраш бўлади. Аммо пастки тенденция глобал сабаблар туфайли сақланиб қолади. Бу сабаб – Россиянинг OPEC давлатлари билан битим имзоламаганида эмас, балки дунёда иқтисодий рецессиянинг бошланганидадир. Бу эса инқирознинг ривожланишини ва валюталарнинг босим остида бўлишини англатади.

Шунинг учун ҳам яқин истиқболда қандайдир юқорига сакраш бўлиши мумкин, аммо ўрта муддатли истиқболда Марказий Осиё валюталарининг кучсизланиш тенденцияси сақланиб қолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид