08:38 / 12.03.2020
0
14677

Ироқда ҳарбий база ўққа тутилиши оқибатида америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлди

Ироқдаги Ат-Тожи ҳарбий базасининг 11 март кечки пайт ракеталар билан ўққа тутилиши оқибатида икки америкалик ва бир британиялик ҳарбий ҳалок бўлди. 

Фото: Flickr

Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги расмий вакили Билл Урбан маълум қилди. 

Шунингдек, ҳужум оқибатида 12 киши яраланган, улардан 5 нафари оғир аҳволда эвакуация қилинган.  

Урбаннинг таъкидлашича, Бағдоддан шимолда жойлашган ҳарбий база ҳудудига 18 та ракета тушган.

CNN телеканалининг Пентагондаги манбаларга таяниб хабар беришича, ҳужум ортида Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи жангарилар ёки Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси турган бўлиши мумкин. 

АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий вакили полковник Майлс Каггинс твиттерда базага ҳужум содир этилганини тасдиқлаган ва базадан бир неча километр узоқликда аниқланган, юк машинасига ўрнатилган ракеталарни отишга мўлжалланган қўлбола қурилма суратини тақдим этган.

Ўз навбатида, АҚШ ҳарбий авиацияси ҳужумга жавобан “Ал-Ҳашд аш-Шаъбий” гуруҳининг Анбар вилоятидаги базасига зарбалар берган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top