Ўзбекистон | 13:18 / 12.03.2020
12915
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар бош меъмори: бош режа қачон тасдиқланиши ҳозирча маълум эмас

Шу пайтга қадар ҳам бош режа бўйича бир неча концепциялар эълон қилинди. Аммо улар талабга жавоб бермаганлиги учун қабул қилинмади

Фото: LiveJournal

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳокимликнинг қатор мутасаддилари иштирокида шаҳар фаоллари, ОАВ ва блогерлар учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда Тошкент шаҳрининг бош режаси қачон қабул қилиниши ва тақдим этилиши масаласи кўтарилди. Бунга жавобан пойтахт бош архитектори Нуриддин Сагатов шундай деди:

– Шу пайтга қадар ҳам Тошкент шаҳрининг бош режаси бўйича бир неча концепциялар эълон қилинди. Аммо улар талабга жавоб бермаганлиги учун қабул қилинмади. Аниқ муддатлар бўйича ҳозирча жавоб бериб бўлмайди, бу борада қўшимча маълум қиламиз. Тошкент шаҳрининг бош режаси янги ўзгаришларни, демографик жараённи сўнгги янгиликларни қамраб олиши лозим. Тошкент шаҳри нафақат пойтахт, балки аҳолиси энг тез ўсиб бораётган ҳудуд ҳисобланади, биз шуни ҳам ҳисобга олишимиз керак. 

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар бош режасининг концепцияси тақдим қилиниши бўйича бир неча марта маълумотлар берилган, кейинчалик муддатлар узайтирилганди.

Хусусан, қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов 2019 йилнинг июнида бош режа концепциясининг кечикаётгани Тошкент шаҳар ҳокимлигининг муаммоси эканини айтган, шу билан бирга бу иш жиддийлиги ва узоқ вақт талаб қилишини таъкидлаган ҳолда, турк ва инглиз компаниялари билан ҳамкорликда тайёрланаётган пойтахт бош режа концепцияси яқин 1,5-2 ой ичида тайёр бўлишини билдирганди.

Мавзуга оид