Жаҳон | 22:01 / 12.03.2020
4816
2 дақиқада ўқилади

«У вақтинча уйдан ишлайди» — Канада бош вазири карантинга олинди

Канада бош вазири Жастин Трюдо карантинга олинди. Бу ҳақда бош вазир администрациясига асосланиб Канада телеканалларида хабар берилди.

Фото: AP

Маълум бўлишича, Трюдонинг рафиқаси Софи Трюдо Буюк Британиядан қайтганидан сўнг унда коронавирус аломатлари сезилган. Шифокорлар тезда биринчи хонимдан анализ олиб тест натижаларини кутмай бош вазирдан ҳам анализ олишган. Трюдонинг шифокорлари унга маълум вақт давомида карантинда бўлишни тавсия қилган.

«Бош вазир карантинда бўлган вақтида мамлакат раҳбари лавозимидаги ишларни давом эттиради ва уйдан ишлайди. У кўрсатмаларни телефон орқали бериб боради»,— дейилади Канада телевидениесида берилган хабарда.

Трюдода коронавирус аломатлари аниқланмаган, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан президент администрацияси шундай қарорга келган. Маълумот учун, 48 ёшли Жастин Трюдо собиқ телебошловчи Софи Грегуар билан 2005 йилда турмуш қурган. Оиланинг уч нафар фарзанди бор.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид