Трампнинг Канада товарлари учун ваъда қилган савдо божлари 4 мартдан эътиборан қисман жорий қилинди. Президентга кўра, 2 апрел санасидан бошлаб ҳам Канада, ҳам Мексика учун бож тўлиқ ёзила бошланади. Канада бош вазири Жастин Трюдо эса буни “уруш” дея атади ва “АҚШ бизда уруш очди” деб мурожаат йўллади. Kun.uz суҳбатлашган Канада Консерватив партияси аъзоси Обидхон Мамадалиев фикрига кўра Оттава жим қараб турмайди.

Доналд Трамп иккинчи марта президентлик курсисини эгалларкан, ўзининг “эски қўшиғи”ни куйлай бошлади, яъни яна асосий савдо ҳамкорлари учун савдо божларини белгилади. Феврал бошидан жорий қилиниши кутилган бу божлар Канада ва Мексика учун кечиктирилди, Хитойга эса ёзила бошланди. Бироқ 4 мартдан эътиборан Канададан импортнинг ярми учун 25 фоизлик йиғим расман жорий этиларкан, Трамп шу йилнинг 2 апрелидан бошлаб тўлиқ маҳсулотлар учун бож олишини эълон қилди. Президент шу куни конгрессга мурожаат йўлларкан, буни яна бир бор тасдиқлади.

Канада бош вазири Жастин Трюдо эса бунга муносабат билдираркан, ўзининг ғазабини яширмади.

“АҚШ бизга савдо урушини эълон қилди, биз Америка халқига душман эмасмиз. Америкаликлар бизнинг дўстларимиз, ҳамкорларимиз, қўшниларимиз, биз улардан дарғазаб эмасмиз. Биз Америка ҳукуматидан ғазабдамиз, энди дам олиш учун Флоридага бормаймиз, уларнинг маҳсулотларидан ҳам олмаймиз. Ҳозирча 30 млрд долларлик товарларга жавоб божини жорий қиламиз, 21 кун ичида эса тўлиқ Америкадан импортга 25 фоиз миқдорида йиғим ёзилиши таъминланади”, - деди Канада бош вазири.

Kun.uz суҳбатлашган Канада Консерватив партияси аъзоси Обидхон Мамадалиев фикрича, икки давлатнинг бугунгача бирор муаммоси ёки келишолмаган масаласи йўқ эди.

Трамп сиёсатчи эмас, тадбиркор бўлгани боис ҳам сиёсатдаги қиморбозлигини ҳеч қанақасига тушуниб бўлмайди. Бу бир кишининг инжиқлиги холос”, - дейди юртдошимиз.

Ҳозирча Канада 30 млрд долларлик товарлар учун бож жорий қиларкан, кейинги қадамлар шу кунларда жиддий муҳокамада. Параллел равишда Жастин Трюдо лавозимини топширишга тайёргарлик кўрмоқда ва яқинда сайлов санаси белгиланади. Давлат иқтисодиёти учун муҳим провинция – Онтариода ўтказилган маҳаллий сайловларда Консерватив партия 80 фоиз овоз билан ишончли ғалабага эришган. Канадада ҳам либераллар даври якунига етаётганга ўхшайди. Якшанба, 9 март куни Либераллар партияси ўзига янги лидер сайлайди ва сайлов куни ҳам белгиланиши кутилмоқда.

“Айни вақтда Канада ҳукумати кучли эмас, чунки Трюдо кетишни режалаяпти. Сайлов санаси эса либераллар ўзига янги лидер сайлаганидан кейин белгиланади. Демак, янги ҳукумат қачон шакллансагина Трамп администрацияси билан бу масалада жиддий гаплашади. Ҳали Канада парламенти йил бюджетини ҳам тасдиқламаган. Олдимизда Россия-Украина уруши, бож ва кўплаб масалалар йиғилиб кетди. Лекин халқ бунга бардош бера олади, шуни кутяпмиз”, - дейди Обидхон Мамадалиев.