15:09 / 13.03.2020
4401

Нега давлат компанияларни бошқаришда яхши бошқарувчи бўла олмайди?

Ўзбекистон тарихидаги йирик хусусийлаштириш дастури тасдиқланиши кўзда тутилмоқда. Унга кўра, 1115 та давлат улушлари хусусий секторга сотилиши режалаштирилган

Фото: KUN.UZ

Бугун, 13 март куни Тошкентда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан уюштирилган, Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатаси, мутасадди вазирлик ва идоралар, йирик хўжалик жамиятлари, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки экспертлари иштирокидаги “Трансформация: иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтириш” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, президентнинг 2019 йил 11 декабрда ўтказган йиғилиши ҳамда Олий Мажлисга мурожаатида давлат улушига эга 3000га яқин корхонани инвентаризация қилиш зарурлиги ҳамда хусусий сектор ва рақобат ривожланиб бораётган соҳаларда давлатнинг иштирокини кескин камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш вазифаси аниқ белгилаб қўйилган эди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири, унинг ўринбосарлари бошчилигида 8 та ишчи гуруҳлар тузилди, 2965 та давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти танқидий ўрганилди ва таклифлар шакллантирилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан давлат активларини самарали бошқариш, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган 9та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган ва умумхалқ муҳокамасига қўйилган.

Қайд этиш жоизки, ушбу ҳужжатлар билан 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

Ушбу ҳужжатлар билан мамлакат тарихидаги йирик хусусийлаштириш дастури тасдиқланиши кўзда тутилмоқда. Унга кўра, 1115та давлат улуши хусусий секторга сотилиши режалаштирилган.

Лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат иштирокидаги корхоналарни 81 фоизга камайтириш, давлат унитар корхоналарини 96 фоизга қисқартириш, 20 та жамиятларда IPO ўтказиш, кузатув кенгаши мустақил аъзолари сонини 20 фоизгача кўпайтириш кутилмоқда.

Тадбирда иштирок этган Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакили Андрей Бойцун нега давлат иқтисодиётда яхши бошқарувчи бўла олмаслигини тушунтираркан шундай деди:

– Ўзбекистонда аксарият йирик корхоналар давлатга тегишли. Хўш, бунинг салбий жиҳати нимада? Давлат бу халқ, одамлар. Аммо одамлар ўша корхоналарнинг мажлисларида қатнашмайди, келажагини белгилай олмайди. Қолаверса, давлатга тегишли дегани аниқ қиёфадаги эгаси йўқ демакдир. Бундай корхоналар ривожи бўйича жавобгарлик ҳам мавҳум.

Top