Ўзбекистон | 00:02 / 13.03.2020
23174
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хива шаҳридаги Президент мактабини бориб кўрди

Давлатимиз раҳбари мактабда яратилган шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида Хива шаҳридаги Президент мактабини бориб кўрди.

Бу ерда Президент мактаби стандартлари асосида энг замонавий шароит яратилган. Жорий ўқув йилида 5-10 синфларга жами 144 нафар ўқувчи танлов асосида қабул қилинган. Уларга дарс бериш учун 9 нафар хорижлик мутахассис, 21 нафар тажрибали ўқитувчиларимиз жалб қилинган. 

Давлатимиз раҳбари мактабда яратилган шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. 

- Биз жуда катта марра олганмиз. Уларга эришишда сизлардай ёшларга ишонамиз ва суянамиз. Мураккаб синовлардан ўтиб, бу мактабга кириб, катта йўлга қадам қўйдингиз. Бу ерда зўрларнинг зўри ўқийди. Сизни шундай тарбиялагани учун ота-оналарингизга мендан раҳмат айтинглар. Бу аввало уларнинг, улар билан бирга менинг ҳам бахтим, бутун миллатимизнинг бахти, - деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Тошкент, Хива, Нукус ва Наманганда Президент мактаблари очилди.

Президентнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4199-қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та Президент мактаби ташкил қилинади.

Президент мактаби ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланиб, унинг фаолияти юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитишни таъминлашга қаратилган.

Мавзуга оид