22:00 / 15.03.2020
19334

Тошкентдан вилоятларга қўшимча рейслар қўйилмоқда

Якшанба куни Тошкент шаҳридаги автовокзалларда улкан навбатлар юзага келди. Вокзалларда тўпланганларнинг аксарияти талабалардир - Ўзбекистонда коронавирус пайдо бўлгани туфайли душанба кунидан барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди.

«Мутасаддилар талабаларни ваҳима кўтармасликка чақирмоқда. Барча йўловчиларни ўз манзилларига етказиш таъминланиши бўйича чоралар кўрилмоқда», дейилади ЎзА хабарида.

Фото: ЎзА

«Ўзбекистон темир йўллари» 16 мартдан Тошкент-Урганч йўналишида 556-сонли қўшимча йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилиши, мазкур поезд бугун тунда соат 00:10да Тошкент жанубий темир йўл вокзалидан жўнаши ҳақида маълум қилган.

«Ҳурматли йўловчилар бошқа йўналишларга ҳам қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ веб сайтини кузатиб боринг,  бу ҳақда маълумотлар бериб борилади», дейилади хабарда.

«Ўзтемирйўлйўловчи» талабалар шаҳарчасида кўчма касса ташкил этган. Талабалар ўша ернинг ўзидаёқ чиптани расмийлаштириши мумкин.

Транспорт вазирлиги талабалар учун 50 фоизлик чегирмалар ҳақида эълон қилган.

«Олий таълим муассасаларида ўқиш тўхтатилгани туфайли вилоятларда яшайдиган талабаларнинг уйга қайтиш харажатлари учун авиа ва темир йўл чипталарининг тариф қисмидан 50 фоиз чегирма тақдим этилади», дейилган вазирлик матбуот хизмати хабарида.
 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top