Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боғча ва мактаблар ёпилди. Ишлайдиган ота-оналарга таътил бериладими?
Карантин муносабати билан боғча ва мактаблар ёпилган тақдирда ота-оналардан бири 6 ёшгача бўлган фарзандига қараб туриш учун 14 кунгача муддатга таътил олиши мумкин.
Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
«Карантин туфайли мактабгача таълим муассасалари ёпилиши ортидан ишловчи ота-оналарда фарзандига кимдир қараб туришига эҳтиёж пайдо бўлади.
Меҳнат кодексида мана шундай ҳолатда ота ёки онанинг бирига 6 ёшгача бўлган фарзанди мактабгача таълим муассасасига бормаётгани муносабати билан унга қараб туриши учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида 2 ҳафталик таътил берилиши кўзда тутилган.
Бундай ҳолатда ходимнинг иш ҳақи 60-80 фоизгача миқдорда сақланиб қолади.
Мазкур вазиятда иш берувчи томонидан ота ёки онага қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаб бериши керак. Нафақа миқдори ходимнинг иш стажидан келиб чиқиб белгиланади», – деди Акбар Тошқулов.
Вазир ўринбосарига кўра, карантин даврида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитария врачи томонидан берилиши мумкин.
Бундан ташқари, карантин жорий қилинган вақтда ҳар бир иш берувчи ишхонасида ходимлар учун санитария-гигиена шароитларини яратиб беришга мажбур.
Карантин (чекловчи тадбирлар) шароитида иш берувчи:
- ишлаб чиқариш ва санитария-маиший биноларга, ходимларнинг меҳнат қилиш, дам олиш тартибига доир санитария ва гигиена нормативларига риоя этиши;
- юқумли ва паразитар касалликлар манбайи бўлган шахсларни вақтинча ишдан четлаштириши;
- ходимларнинг ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориши;
- ходимга карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаши;
- меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда айбдор ходимларни интизомий жавобгарликка тортиши;
- ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантиришни ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириши лозим.
Мавзуга оид
18:55 / 11.06.2026
Иш ташлашни амалга ошириш тартиби белгиланди
16:51 / 30.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйга қайтди
13:53 / 29.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарда даволанаётган болалар сони 38 нафарни ташкил этмоқда
15:15 / 27.09.2025