Жаҳон | 12:04 / 16.03.2020
6030
2 дақиқада ўқилади

Россияда жамоат намозлари вақтини қисқартириш таклиф этилди

Россия мусулмонлар диний бошқармаси коронавирус тарқалиши хавфи сабабли жума ва бошқа жамоат намозлари вақтини қисқартиришни тавсия қилди.

Фото: 360tv.ru

Хабарда таъкидланишича, жума намози одатда маъвиза билан бирга бир соатга яқин давом этади. Муфтият эса намозни 10-15 дақиқагача қисқартиришни, яъни бевосита намозни адо этиш билан ўтказишни тавсия қилган. Бу ҳақда мусулмонлар диний бошқармаси раиси биринчи ўринбосари Дамир Мухитдиновнинг ҳудудлардаги бошқармалар раҳбарларига йўллаган мактубида айтилган.

Шунингдек, бошқа жамоат намозларида ҳам намоз вақтини қисқартириш йўли билан намозхонларнинг ёпиқ иншоотларда узоқ вақт бирга қолишларини минималлаштириш тавсия қилинган.

Муфтият ўзида ўткир респиратор вирус инфекциясининг биринчи аломатларини ёки ўзини ёмон ҳис қилаётганларни “бошқа одамларни хавфга қўймаслик учун” уйда қолиб, масжидларга ва бошқа жамоат жойларига бормасликка чақирган.

Шунингдек, диний ташкилотлар биноларига намоз ўқиш жойлари ва синфхоналарига алоҳида эътибор қаратган ҳолда қўшимча санитар ишлов беришни ташкиллаштириш тавсия қилинган. 

Бундан ташқари, диний ташкилотларга қўлларга контактсиз антисептик ишлов бериш қурилмаларини ўрнатиш, ташрифчиларнинг ҳароратини контактсиз термометр билан ўлчаш, иситмаси борларни ичкарига киритмаслик тавсия қилинган. Шунингдек, намозлардан кейин қўл сиқишишдан вақтинча воз кечиш маслаҳат қилинган.

“Ушбу кўрсатмаларга эпидемиологик вазият барқарорлашиб, улар бекор қилингунгача амал қилиш лозим”, дейилган хабарда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид