22:17 / 17.03.2020
47695

Китоб шаҳрига кираверишдаги машҳур «Анор» нега бузиб ташланди? — Фотолар

Ўтган йили халқаро М39 йўлининг Китоб тумани марказига элтувчи йўл билан кесишмасида улкан анор композицияси барпо этилган эди. Китобда етиштириладиган машҳур Варганза анорларига аталган бу ёдгорлик шошилинч равишда бузилгани аҳолида ҳақли саволларни келтириб чиқарган.

Ана шу қурилманинг бузиб ташлангани юзасидан китобликлар мурожаат қилишмоқда: «Ўзи ўтган йили қурилган эди-ку, жуда чиройли турганди, нега бузилади?» 

Ўша жойда бўлдик. Энди бу ерда анор рамзи ўрнида бир уюм тупроқ қолган.

Ҳолатга дастлаб Китоб туман ҳокимлиги вакилларидан бири телефонда қисқача изоҳ берганди: «Вилоят ҳокими буйруғи билан бузилган!»

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати эса анор рамзи бузилмагани, балки бошқа, мос жойга кўчирилганини маълум қилди.

Китоб туман ҳокимлиги қурилиш бўйича мутахассисининг айтишича эса мазкур ҳудудда кейинги бир йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони ошиб кетгани, кўчанинг бу қисми кенгайтирилиб, ободонлаштирилиши муносабати билан анор рамзи бошқа жойга — анор етиштириш билан қадимдан машҳур бўлган Варганза массивига кўчирилади.

Ҳокимлик мутасаддиларидан ушбу қурилиш учун ўтган йили қанча маблағ сарфлангани, бир йил ўтиб уни бузиш учун яна қанча пул кетгани тўғрисида маълумот ололмадик.

Кўчирилиш сабаби халққа тушунтирилмагани ортидан эса аҳолида турли саволлар пайдо бўлган.

Анорга ўхшаш худди шундай тарвуз ёдгорлиги Чироқчи тумани ҳудудида, А380 ва 4Р-87 йўли кесишмасида ҳам ўрнатилган.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири

Top