Жаҳон | 10:22 / 17.03.2020
9985
2 дақиқада ўқилади

Зеленский йирик бизнесдан коронавирусга қарши курашда ёрдам сўради

Фото: РИА Новости / Стрингер

Украина президенти Владимир Зеленский йирик бизнес вакиллари билан учрашиб, коронавирус тарқалишининг олдини олишда ёрдам сўради. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда COVID-19 коронавирусини юқтириб олган 5 нафар инсон аниқланган. 13 март куни улардан бири вафот этган.

«Йиғилишда давлат раҳбари йирик бизнес вакиллари билан Украина ҳудудида COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўтказишда ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, гап коронавирусни аниқловчи тестларнинг йирик партиясини, зарур тиббий ускуналарни, ҳимоя ва дезинфекция воситаларини сотиб олиш ҳақида борди», - дейилади хабарда.

«Бизнес давлат учун оғир бўлган вазиятда ижтимоий масъулиятни ҳис қилиши лозим. Украиналиклар давлат шифохоналарига мурожаат қилишганида ўзини ҳимоялангандек ҳис қилишлари шарт. Мен сизлардан ёрдам беришингизни сўрайман», - деб Зеленский сўзларини келтирмоқда матбуот хизмати.

Унинг  сўзларига кўра, Украинадаги вазият ўта жиддий эмас. «Биз бу даврдан украиналикларнинг ҳаёти ва соғлиғини асраган ҳолда ўтиб кетишга умидвормиз», - деб қўшимча қилди Зеленский.

Таъкидланишича, бизнесменлар «давлат раҳбарининг таклифини қабул қилишди ва коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўтказишда ёрдам кўрсатишга ваъда беришди».

Эслатиб ўтамиз, Украина Вазирлар Маҳкамаси 14 март куни дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли, хориж фуқароларининг мамлакатга киришини вақтинчалик тақиқлаб, авиақатновларни тўхтатиш ҳақида топшириқ берди. 17 март кунидан бошлаб, Украина чегараси хорижликлар учун 2 ҳафтага ёпилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид