Фан-техника | 17:46 / 18.03.2020
29268
7 дақиқада ўқилади

Пандемия ҳам бир имконият: коронавирус таълим тизимига қандай таъсир қилмоқда?

Коронавирус пандемияси бутун дунёда таълим олиш тарзини ўзгартириб юборди. Миллионлаб болалар мактабга бормай, уйидан туриб ўқишни давом эттиряпти.

Цинхуа университетидаги онлайн дарс / Фото: AFP via Getty Images

Жаҳон иқтисодий форуми сайтида коронавируснинг таълим тизимига таъсирига бағишланган мақола эълон қилинди. Унга кўра, пандемия сабабли кузатилаётган ўзгаришлар ва таълимдаги янги ечимлар – соҳага зарурий инновацияларни олиб келиши мумкин.

Лекин рақамли тафовут ҳисобга олинадиган бўлса, таълимдаги янги ёндашувлар тенгсизлик ортишини юзага келтиради.

Коронавирус Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва АҚШ бўйлаб тезлик билан тарқалаётган бир вақтда мамлакатлар пандемия тарқалишини камайтириш бўйича оператив қатъий чоралар қабул қилишди. Сўнгги икки ҳафта давомида мактаб ва университетларда ўқишларга бориш тўхтатилиши ҳақида бир неча хабарлар эълон қилинди.

13 март ҳолатига, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 39та мамлакатда карантин сабабли 421 миллиондан ортиқ бола мактабга вақтинча бормаяпти.

Мазкур ўзгаришлар шубҳасиз муайян ноқулайликларни келтириб чиқарди. Бироқ пандемия таълим соҳасидаги янги инновацияларга сабаб бўлди. COVID-19 бутун дунёдаги таълим тизимига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда инновациялар ва рақамлаштириш учун унинг аҳамияти катта.

Қуйида келажакдаги ўзгаришларга ишора қилувчи 3та тенденцияни кўздан кечирамиз.

1. Коронавирус тарқалиши таълим тизимининг ривожланишига туртки бўлди. Бу ҳайратланарли даражадаги ижобий янгиликларга олиб келиши мумкин

Хитой, Анху провинцияси. Ўқувчи қиз уйидан туриб онлайн дарсда қатнашяпти (2 март, 2020)
Фото: Reuters / China Daily CDIC

COVID-19 бутун дунёдаги кўплаб таълим муассасалари учун қисқа вақт мобайнида инновацион ечим топиш катализаторига айланди.

Вирус тарқалишини секинлаштириш учун Гонконгдаги талабалар февраль ойида интерактив иловалар орқали уйда таълим олишни бошладилар. Хитойда 120 миллион ўқувчи тўғридан тўғри телевизион трансляциялар орқали ўқув материалларни ўзлаштириш имконига эга бўлишди.

Бошқа мамлакатларда ҳам оддий, бироқ ижодкорона ечимлар амалга оширилди. Нигерия мактабларидан бирида онлайн таълимнинг асинхрон инструментлари синхрон видео кўрсатмалар билан тўлдирилди.

Ливандаги мактаб ўқувчилари ҳатто жисмоний тарбия каби фанларда ҳам онлайн таълимни қўллай бошладилар. Ўқувчилар жисмоний машқ бажариш жараёнини уй вазифаси сифатида видеога олишди ва ўқитувчиларига юборишди. Ана шундай ўқувчилардан бирининг отаси бу жараёнга қуйидагича муносабат билдирди:

«Одатда жисмоний тарбия дарси бир неча ўн дақиқа давом этади. Ўғлим эса устозига видеони тўғри форматда юбориш учун уни тасвирга олиш, таҳрирлашга 3 соат вақт кетказди».

5G технологилар Хитой, АҚШ ва Япония каби мамлакатларда тобора кенг тарқалмоқда. Ўқувчилар ва уларга янги ечимлар тақдим этаётганларни турли шаклдаги рақамли таълим концепцияси қамраб оляпти. Натижада синфлардаги анъанавий таълим турли усуллар билан бойитилмоқда. Улар тўғридан тўғри трансляциядан тортиб, виртуал реалликкача бўлган усуллар бўлиши мумкин. Таълим одатий кун тартибига интеграция қилинган одатга айланиши мумкин.

2. Таълим соҳасида давлат хусусий шериклик янада аҳамиятли бўлиши мумкин

Шанҳай. Антаи иқтисодиёт ва менежмент коллежи профессори онлайн дарс ўтмоқда.
Фото: Zhang Hengwei / China News Service via Getty Images

Сўнгги бир неча ҳафта давомида инқирозда вақтинчалик ечим сифатида ҳукумат, нашриёт, таълим соҳасидаги мутахассислар, технология етказиб берувчилар ва телекоммуникацион тармоқ операторлари иштирокидаги ўқув консорциум ва коалициялари ташкил этилди.

Таълим асосан ҳукумат томонидан  тақдим этилувчи ривожланаётган мамлакатларда бу келажакда ана шу тенденциядан келиб чиқувчи натижага айланиши мумкин.

Хитойда Таълим вазирлиги булутли технологиялар асосида онлайн таълимни йўлга қўйиш учун турли иштирокчилардан иборат гуруҳни ташкил қилди.

Ҳонгконгда асос солинган readtogether.hk форуми ҳам 60дан ортиқ таълим ташкилотлари, нашриётлар, оммавий ахборот воситалари ва кўнгил очиш саноатидаги консорциумдан иборат. Улар жами 900дан ортиқ видео, китоблар боблари, баҳолаш инструментлари ва бепул консультация хизматларидан иборат таълим ресурсларини тақдим этади.

Консорциум COVID-19 бартараф этилганидан кейин ҳам платформадан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Ана шу каби мисоллардан шуни кўриш мумкинки, таълим инновациялари – одатда давлат томонидан молиялаштириладиган ижтимоий ёки нотижорат ижтимоий лойиҳа чегарасидан чиқяпти.

Сўнгги 10 йилликда таълим соҳасидаги ечимлар ва инновацияларга хусусий сектор қизиқиш билдирганига гувоҳ бўлдик. АҚШнинг Microsoft ва Google, Кореянинг Samsung, Хитойнинг Tencent, Ping An ва Alibaba компаниялари аҳолининг саводхонлиги стратегик масала эканини англашди. Бугунги кунда улар томонидан берилган ташаббусларнинг кўпи кўлами бўйича чекланган бўлса-да, пандемия умумий ёндашув асосида соҳалараро коалияцияларга асос солишда замин ярата олади.

3. Рақамли тафовут ортиши мумкин

Архитектура профессори Рик Молер Вашингтон университети талабаларига масофадан дарс бермоқда.
Фото: Steve Ringman / The Seattle Times

Коронавирус тарқалган кўплаб ҳудудларда таълим олишни давом эттириш учун ностандарт ечимлар топиляпти. Бироқ таълим сифати асосан рақамли технологиялардан фойдаланиш даражаси ва сифатига боғлиқ.

Ер шарининг эса бор-йўғи 60 фоизи онлайн.

Ҳонгконгда шахсий планшетларда виртуал машғулотлар норма бўлган бир пайтда, ривожланиш даражаси пастроқ мамлакатлардаги ўқувчилар WhatsApp ёки электрон почта орқали юборилган дарслар ва вазифаларга таянади.

Бундан ташқари, муайян оила рақамли технологиялар масаласида қанчалик кам таъминланган бўлса, ундаги ўқувчилар ҳам таълим борасида шунча ортда қолаверади. Дарслар онлайнга ўтганида бу болалар рақамли қурилма ва тариф режаларининг нархи сабабли ютқазишни бошлайди.

Агар барча мамлакатларда технологиялардан фойдаланиш харажатлари камаймаса ва сифати яхшиланмаса, таълим соҳасидаги тафовут, ўз-ўзидан ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик масаласи чуқурлашиб бораверади. Таълим олиш имконияти янги технологиялардан фойдаланиш имконияти билан белгиланса, рақамли тафовут янада экстремал тус олиши мумкин.

Хитой, Шаоянг провинцияси. Ўқитувчи ўрта мактабдаги синфда видеодарсини тасвирга оляпти
Фото: China Daily / Reuters

COVID-19’нинг тез суръатларда тарқалиши – пандемиядан тортиб экстремистик зўравонлик, иқлимдаги хавфсизлик каби таҳдидларга қарши барқарор тизимлар яратилишининг муҳимлигини кўрсатиб берди.

Пандемия бу – олдиндан бирор нарса дейиш мушкул бўлган дунёда ўқувчилар учун зарур кўникмаларни ёдга олиш имконияти.

Бундай шароитда асосли ечимлар, муаммоларни ижодкорлик йўли билан ҳал этиш, эҳтимол мослашувчанлик катта аҳамиятга эга. Ана шу кўникмалар барча ўқувчилари учун устувор бўлиши учун таълим тизимида ҳам мослашувчанлик бўлиши лозим.

Мавзуга оид