Жаҳон иқтисодий форуми сайтида коронавируснинг таълим тизимига таъсирига бағишланган мақола эълон қилинди. Унга кўра, пандемия сабабли кузатилаётган ўзгаришлар ва таълимдаги янги ечимлар – соҳага зарурий инновацияларни олиб келиши мумкин.
Лекин рақамли тафовут ҳисобга олинадиган бўлса, таълимдаги янги ёндашувлар тенгсизлик ортишини юзага келтиради.
Коронавирус Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва АҚШ бўйлаб тезлик билан тарқалаётган бир вақтда мамлакатлар пандемия тарқалишини камайтириш бўйича оператив қатъий чоралар қабул қилишди. Сўнгги икки ҳафта давомида мактаб ва университетларда ўқишларга бориш тўхтатилиши ҳақида бир неча хабарлар эълон қилинди.
13 март ҳолатига, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 39та мамлакатда карантин сабабли 421 миллиондан ортиқ бола мактабга вақтинча бормаяпти.
Мазкур ўзгаришлар шубҳасиз муайян ноқулайликларни келтириб чиқарди. Бироқ пандемия таълим соҳасидаги янги инновацияларга сабаб бўлди. COVID-19 бутун дунёдаги таълим тизимига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда инновациялар ва рақамлаштириш учун унинг аҳамияти катта.
Қуйида келажакдаги ўзгаришларга ишора қилувчи 3та тенденцияни кўздан кечирамиз.
1. Коронавирус тарқалиши таълим тизимининг ривожланишига туртки бўлди. Бу ҳайратланарли даражадаги ижобий янгиликларга олиб келиши мумкин

Фото: Reuters / China Daily CDIC
COVID-19 бутун дунёдаги кўплаб таълим муассасалари учун қисқа вақт мобайнида инновацион ечим топиш катализаторига айланди.
Вирус тарқалишини секинлаштириш учун Гонконгдаги талабалар февраль ойида интерактив иловалар орқали уйда таълим олишни бошладилар. Хитойда 120 миллион ўқувчи тўғридан тўғри телевизион трансляциялар орқали ўқув материалларни ўзлаштириш имконига эга бўлишди.
Бошқа мамлакатларда ҳам оддий, бироқ ижодкорона ечимлар амалга оширилди. Нигерия мактабларидан бирида онлайн таълимнинг асинхрон инструментлари синхрон видео кўрсатмалар билан тўлдирилди.



















