19:16 / 19.03.2020
9983

Сенат ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ: «Олий суд фуқаронинг мулкини қайтариши керак»

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов уйи асоссиз тортиб олинган фуқаро Р.Камаловнинг қонунларда кафолатланган шахсий мулкий ҳуқуқларини Олий суддан ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўраб, Бош прокурор номига хат киритди.

Хабарингиз бор, Kun.uz таҳририяти фуқаро Р.Камаловнинг ғайриқонуний равишда тортиб олинган квартирасига Ўзбекистон Республикаси Олий суди эгалик қилиб келаётгани, фуқаронинг мурожаатлари эса асоссиз равишда рад этиб келинаётгани ҳақида суриштирув олиб бормоқда.

Аввалги мақоламизда таҳририят томонидан мазкур масалага ўз позицияларини билдиришни сўраб, Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга сўровлар юборилгани айтилган эди.

Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратовнинг ташаббуси билан ушбу масала Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан муҳокама қилинди.

Иш ҳужжатлари билан танишиб чиққан кафедра катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Қамбариддин Меҳмонов ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим.

Ушбу кодекснинг 985-моддаси биринчи қисмига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдор ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 7-моддасига кўра, мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Унга мувофиқ, қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.

Модомики, тергов ва суд органларининг ноқонуний қарорлари (ҳаракатлари) натижасида фуқаро Р.Камаловга зарар етказилган экан, бу етказилган зарар тўлиқ хажмда қопланиши шарт.

Бунда Р.Камаловга доир иш Жиноят процессуал кодексининг 510-1-моддаси тартибида Олий суднинг Раёсатида кўриб чиқилиши ва фуқарога унинг уйи асл ҳолида қайтарилиши керак. Чунки, агар бюджетга тушган пул маблағлари фуқарога қайтариладиган бўлса, у ҳолда фуқаро ўзининг мулкий йўқотишларини қоплай олмайди. Бундай мулкий йўқотишларда эса, унинг айби мавжуд эмас. Кўчмас мулкнинг бозор баҳоси эса, табиийки, бундан қарийб 10 йилдан кўпроқ муддат давомида бир неча маротаба ошган.

Мулкдор ҳуқуқларини таъминлашнинг яна бир йўли бу – ушбу уйнинг бугунги кундаги бозор баҳосига тенг миқдорда пул тўланиши ҳақида қарор чиқарилишидир. Ана шунда Фуқаролик кодексининг 985-моддаси мазмунида назарда тутилган фуқаронинг мол-мулкига етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш таъминланади. Натижада эса, қонунан тўғри ва адолатли қарор қабул қилинган бўлади», дейди Қ.Меҳмонов.

Иш тафсилотлари билан танишиб чиққан Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Б.Матмуратов ҳам Р.Камаловга нисбатан Олий суд томонидан адолатсизлик қилинганини эътироф этиб, фуқаронинг ҳуқуқларини тиклашга қаратилган зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг ҳаракатлари эса таҳсинга лойиқ. Таҳририятга йўлланган жавоб хатида Марказ бу масала билан кўпдан бери шуғулланиб келаётгани маълум қилинган. Муқаддам фуқаронинг манфаатларини кўзлаб Олий суд ва бошқа идораларга илтимосномалар киритилган. Бироқ уларга қониқарли жавоб олинмаган.

Таҳририятнинг хатидан сўнг мазкур масала Миллий марказ томонидан яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилган. Натижада Олий суд қатор қонун нормалари, жумладан Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси 1-қисми биринчи ва тўртинчи бандлари, Фуқаролик кодексининг 164 ва 166-моддалари, Уй-жой кодексининг 11-моддасига риоя қилмагани эътироф этилган.

Шунга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 20 сентябрдаги ажримига нисбатан протест келтириш орқали Р.Камаловнинг Конституция ва қонунларда кафолатланган шахсий мулки ҳуқуқини ҳимоя қилинишида, иш бўйича қонуний ва одилона қарор қабул қилинишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраб, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев номига илтимоснома киритилган.

Бош прокуратурадан олинган маълумотга кўра, мазкур илтимоснома республика прокуратурасининг жиноят судларида прокурор назоратини таъминлаш бошқармаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қонун талабига кўра, Миллий марказ киритган илтимоснома асосли ва Олий суд ажрими қонунга зид деб топилса, Бош прокуратура томонидан ишни Олий суднинг Раёсатида кўриб чиқиш бўйича протест киритилиши лозим бўлади.

Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувларини давом эттиради.

Дилшод Абдуқодиров

PS: Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов имзоси билан таҳририятга йўлланган жавоб хатида «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмаслиги баён этилган.

Top