18:14 / 19.03.2020
12572

Хоразм вилояти ҳокими бозордаги нархлар билан танишди

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов Урганч марказий деҳқон бозорига ташриф буюриб, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари билан танишди. Бу ҳақда Хоразм вилояти матбуот хизмати хабар берди.

19 март куни вилоят раҳбари сектор раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари билан биргаликда бозор ҳудудида ташкил қилинган арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркасига борди. Унда вилоятнинг барча туманлари учун алоҳида расталар ажратилган бўлиб, қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар, деҳқонлар турли хил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатмоқдалар.

Ярмарка иштирокчиларига коронавирусга қарши карантин даврида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини асоссиз оширмаслик ҳақида тушунтириш берилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси нархларни назорат қилиш бўйича махсус тадбирларни мунтазам олиб бориши ҳақида огоҳлантирилди.

Ярмаркада Департаментнинг вилоят бошқармаси ташаббуси билан аҳолига бепул исириқ тарқатилди.

Top