Ўзбекистон | 14:31 / 21.03.2020
9980
2 дақиқада ўқилади

Хорижий фуқароларнинг визаси 5 майга қадар узайтирилади

Муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам истисно тарзида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига 2020 йилнинг 5 майига қадар рухсат берилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетишидаги муаммоларни инобатга олиб, уларнинг виза муддатини жорий йилнинг 5 май санасигача автоматик тарзда узайтирилади. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссия йиғилишида шунга доир қарор қабул қилинди.  

Ҳужжатга кўра, муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига 2020 йилнинг 5 майига қадар рухсат берилади. 

Юқоридаги ҳолатларда хорижий мамлакатлар фуқароларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди ҳамда жарима ундирилмайди. 
 
Транспорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий фуқароларнинг ўз ёки учинчи мамлакатга қайтиши учун харид қилинган Uzbekistan Airways АЖнинг авиачиптаси мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг қайтиб кетиши учун тегишли рейсларини қўшимча маблағ ундирмаган ҳолда ташкил этади.

Бундан олдин, хорижий фуқароларнинг виза муддати автоматик тарзда узайтирилиши маълум қилинганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид