07:41 / 22.03.2020
11189

Шимолий Корея янги бошқарилувчи ракеталарни синовдан ўтказди

Шимолий Корея 21 март куни Пхёнан-Пукто провинциясидаги Сончхон округидан 2 та снаряд учирди. Таъкидланишича, бу янги тактик бошқарилувчи ракеталар синови бўлиб, унда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин иштирок этган.

Фото: KCNA

Жанубий кореялик ҳарбийларнинг тахминича, ракеталар кичик масофаларга мўлжалланган бўлган ва 410 кмга яқин масофани 50 км баландликда учиб ўтган. 

Бу Шимолий Кореянинг 2020 йилдаги учинчи ракета синовидир, аввалги синовлар 2 ва 9 март кунлари ўтказилган.

Синовларда Ким Чен Ин билан бирга партия раҳбарлари, бош штаб бошлиғи - генерал Пак Чон Чхон ва ҳарбий қўмондонлар иштирок этган. 

Маълум қилинишича, Ким Чен Ин Шимолий Кореяда яқинда ишлаб чиқилган янги қуроллар “партиянинг стратегик мақсади – “мамлакат мудофа стратегиясидаги муҳим ўзгаришлар”ни амалга оширишда ҳал қилувчи ҳисса қўшишини” таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, Ким Чен Ин 20 март куни йирик артиллерия бўлинмаларининг мерганлик бўйича мусобақаларига раҳбарлик қилган. 

Бу орада Жанубий Корея штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси коронавирус эпидемияси вақтида ракета синовлари ўтказишга қарор қилган Шимолий Кореянинг ушбу “ноўрин” ҳаракатларини қоралаган ва “дарҳол уларни тўхтатишни” талаб қилган.    

Top