Жаҳон | 01:11 / 26.03.2020
14734
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ президенти лавозими учун ертўладан кураш олиб бормоқда

АҚШнинг собиқ вице-президенти, Демократлар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод бўлиш ҳуқуқи учун курашаётган Жо Байден сиёсий фаолиятини ўз уйи ертўласидан олиб боришга мажбур бўлмоқда.

Фото: AP

Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди

Бу мақсадда Байден томонидан ҳордиқ чиқариш учун қўлланган ертўла телевизион интервьюлар ва видеомурожаатлар олиб боришга мўлжалланган студия кўринишига келтирилган. Нашрнинг таъкидлашича, бу ерда ёзилаётган контентни сифатли деб бўлмайди: Байденнинг мурожаати ёзилган фон ёмон ёритилгани сабабли, ҳаттоки сиёсатчининг баъзи тарафдорлари ҳам видеони террорчилар иштирокидаги видеога қиёслашган.  

Шунингдек, Байден видеоанжуман форматини қўллашга уринган. Бироқ ОАВда бу уриниш ҳам муваффақиятсиз деб топилган, чунки трансляция техник муаммолар билан борган ва Facebook Live’да бор-йўғи 4 дақиқа давом этган.  

Ноябрда 78 ёшни қаршилайдиган сиёсатчи АҚШда коронавирус эпидемияси сабабли бир неча ҳафтадан бери ўз уйида карантинга амал қилмоқда. Бу эса унга президентлик кампаниясини олиб боришида қийинчилик туғдирмоқда. 17 мартдан 23 мартгача эса Байден умуман кўриниш бермаган. Бу орада амалдаги президент, республикачилардан асосий номзод Дональд Трамп аксинча ҳар куни брифинглар ўтказмоқда ва интервьюлар бермоқда.

Охирги маълумотларга кўра, Демократлар партиясидан номзод бўлиш учун курашда етакчилик қилаётган Байденни 1215 овоз берувчи делегат, унинг рақиби сенатор Берни Сандерсни 910 делегат қўллаб-қувватламоқда. Сайловларда иштирок этиш учун 1991 делегатнинг розилигини олиш лозим. Республикачилар орасида эса сўзсиз Трамп етакчилик қилмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид