Ўзбекистон | 18:09 / 27.03.2020
6941
2 дақиқада ўқилади

Мобил иловада қилса бўладиган оддий тўловлар учун ҳам банкка келишяпти – МБ

Ваҳоланки, банклар мобил иловаларида барча базавий банк хизматларини уйдан чиқмаган ҳолда амалга ошириш бор.

Юнусобод тумани / Фото: t.me/pul_top_uzb

Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Обидов аҳолини банк хизматларидан мобиль иловалар орқали фойдаланишга чақирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Банклар одатдаги тартибда фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, айрим банклар мижозларга хизмат кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда масофавий ишлаш тизимига ўтказилган.

Максимал равишда масофавий банк хизматларидан фойдаланишингизни сўраймиз. Бугунги кундаги вазиятнинг ўзи буни тақозо этмоқда. Бу орқали сиз ҳам ўзингиз, ҳам банк ходимларининг саломатлигини сақлашга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Банк мижозлари томонидан онлайн тарзда банк мобил иловалари орқали амалга ошириш мумкин бўлган оддий тўловлар ҳам банкка келиш орқали амалга оширилмоқда. Банклар мобил иловаларида барча базавий банк хизматларини уйдан чиқмаган ҳолда амалга ошириш имкониятлари мавжуд», – деди Обидов 27 март куни брифингда.

У валюта айирбошлаш операциялари юзасидан ҳам маълумот берди.

«Бугунги кунда масофаланишни таъминлаш юзасидан валюта айирбошлаш операциялари устувор равишда банклар мобил иловалари ёки автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари орқали амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ҳудудларда 700га яқин кун-у тун режимида ишловчи автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари ўрнатилган бўлиб, тез орада қўшимча 300та банкоматлар ўрнатилиши таъминланади», – деди Марказий банк бошқарма бошлиғи.

Эслатиб ўтамиз, карантин даврида пенсия ва нафақалар аҳоли уйига етказиб берилади. Пенсионер ва нафақахўрлар нақд пулларни стерилланган пакетларда олишади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид