Ўзбекистон | 14:57 / 27.03.2020
17065
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрига кирувчи 61 та айланма йўллар ёпилди - ИИВ

Бугун, 27 март куни, АОКА ҳузуридаги штабда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси иштирокида брифинг ташкил этилди. Бошқарма бошлиғи Олим Саидов карантин даврида Тошкент шаҳрига кириб келувчи барча йўллар ёпилганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

“Коронавирус инфекцияси ҳаво орқали юқиши ва ҳаракатланиш воситаларида камида камида тўрт киши бўлишини ҳисобга олганда, касалликка қарши курашда транспорт ҳаракатини чеклаш энг самарали усул ҳисобланади. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 10 та ЙПХ маскани, 14 та блок ва тўсиқ постларда ҳамда Тошкент вилоятининг шаҳар билан чегара ҳудуларидаги 14 та блок ва тўсиқ постларда ходимларнинг хизмат фаолияти кучайтирилди. Ушбу ЙПХ масканлари, блок ва пост тўсиқларига 1 суткада 609 нафар ходимлар жалб этиляпти.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳудудидан автотранспорт воситаларининг Тошкент шаҳрига кириб келиши мумкин бўлган 61 та айланма йўллар аниқланиб, ушбу йўлларни ёпиш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида фаолияти тўхтатилган 21 та ЙПХ маскани ҳамда 60 та блок ва тўсиқ постларнинг фаолияти қайта ташкил этилди.

Ҳозирда жами 50 та ЙПХ маскани, 90 та блок ва тўсиқ постларда Ички ишлар органлари, Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари кучайтирилган тарзда хизмат олиб бормоқдалар,”- дея хабар қилди Саидов.

Қўшимча қилинишича, 24 март соат 00.01 дан бошлаб 12 соат давомида Тошкент шаҳри йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган жами 164 минг 245 та автотранспорт воситалари текширилиб, улардан 94 минг 705 таси, шундан 16 минг 356 таси юк автомобиллари шаҳарга киритилди, 69 мингтадан ортиғи қайтарилди. 250 минг нафар шахс текширилиб, 160 минг 735 нафари тегишли ҳужжатлар асосида шаҳарга киритилди. 90 минг 163 нафар фуқаро вилоятларга қайтарилди. 

 

Мавзуга оид