Жамият | 17:38 / 28.03.2020
35115
2 дақиқада ўқилади

Зангиотада барпо қилинаётган шифохоналар қурилиши ишлари қандай кетмоқда?

Kun.uz мухбирлари Зангиота туманида коронавирус туфайли Ўзбекистонга олиб келинган ватандошларни карантинга олиш учун зарур бўладиган шифохоналар қурилиши билан бевосита танишди. Бугунги кунда 10 минг беморни ёки карантинга олинадиганларни бағрига сиғдира оладиган блоклар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг қурилиш ташкилотлари ҳамда «Enter Engineering» томонидан барпо қилинмоқда. Бу ишлар учун жами 4 мингга яқин ишчи-хизматчи сафарбар этилган. Иккита қурилиш майдонида 400га яқин турли техникалардан фойдаланилмоқда.

Қурилиш ишлари жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Гидротехника иншоотлари қурилиши дирекцияси» бошлиғи Зоҳид Бобоевнинг сўзларига кўра, айни вақтда пойдеворни қуйиш ишлари олиб бориляпти.

«Қурилиш ишларини олиб бориш учун барча қурилиш маҳсулотларини етказиб бериш узлуксизлиги таъминланган. Ишчи-хизматчилар учун шароитлар барпо қилинган, 3 маҳал иссиқ овқат ташкил этилган.

Маълум қилишларича, ишлар икки сменада олиб бориляпти, ишчилар дезинфекцияловчи воситалар, ниқоблар билан таъминланмоқда. Уларга коронавирусдан ҳимояланиш усуллари ҳам тушунтирилди», дейди Зоҳид Бобоев.

«Enter Engineering» томонидан барпо қилинаётган қисмида 1,5 мингдан ортиқ ишчи шифохонани тезкорлик билан қуриб, фойдаланишга топшириш устида жонкуярлик кўрсатмоқда. Бунда 150та техника ёрдамидан фойдаланилмоқда.

Ҳар бири 5 минг кишига мўлжалланган иккита даволаш блоклари, тиббиёт ходимлари учун алоҳида турар жойлар, ўта оғир аҳволдаги беморларни жонлантириш бўлимлари ва карантин учун махсус хоналарни ўз ичига олади. Ҳар бир блок минг кишилик 5та алоҳида корпусга тақсимланади. Коммуникация тармоқларига уланиш, шифохонани жиҳозлаш, зарур инфратузилмани яратиш қурилиш ишлари билан бирга олиб борилмоқда. Бу ерга хориждан чартер рейслар орқали олиб келинадиган ўзбекистонликлар жойлаштирилади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид